Россия ва Аляскани Беринг бўғози орқали боғлайдиган қитъалараро туннелнинг техник-иқтисодий асослари устида иш олти ой аввал бошланган.
Бу ҳақида Россия Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (РТИФ) раҳбари, Россия президентининг хорижий давлатлар билан сармоя ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Кирилл Дмитриев маълум қилди.
“Биз олти ой олдин Россия ва Аляска ўртасидаги туннелнинг техник-иқтисодий асосланишини бошлаган эдик”, — деб ёзди Дмитриев Х ижтимоий медиа платформасида.
Шанба куни Дмитриев Россия ва АҚШ ўртасида туннель қуриш бўйича музокаралар бошланганини эълон қилди. Пайшанба куни Boring Company технологиясидан фойдаланган ҳолда қитъалараро туннель қуриш истиқболлари ҳақида гапирган эди.
Дмитриевнинг айтишига кўра, айни дамда Россия Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси мавжуд таклифларни, жумладан, "АҚШ-Канада-Россия-Хитой" темир йўли бўйича таклифларни ўрганиб чиқмоқда.