Бугун 3 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Россия Украина пойтахтидаги асосий кўприк, Ядровий тадқиқотлар институти ва мактабга зарбалар берди

Россия Украина пойтахтидаги асосий кўприк, Ядровий тадқиқотлар институти ва мактабга зарбалар берди


Россия армияси Киевга дронлар билан зарба беришда давом этмоқда. 1 октябр куни дронлардан бири Соломенск туманидаги мактаб биносига келиб урилди. Бу вақтда ўқувчилар ертўладаги бомбапанагоҳларга тушишга улгурганди ва жабрланганлар бўлмаган.

Шу куни кундузи Россия ҳарбийлари кенг кўламли уруш бошидан буён илк бор Киевдаги кўприкларни нишонга олиб ҳужум қилишга киришган. Кун давомида Киевдаги Жанубий кўприкка уч бор зарба берилган – бу кўприкда автомобиллардан ташқари метро ўтадиган йўл ҳам бор. Портлаш тўлқини туфайли шу вақтда кўприкдан ўтаётган поезд вагонларига вентиляция орқали чанг кирган. Йўловчилар жабрланмаган, поезд ҳам шикастланмаган, бироқ қўшимча кўрикдан ўтказиш учун депога юборилган. Кўприк бўйлаб метро ва автобуслар ҳаракати тўхтатилди.

Мутахассислар зарбалардан етказилган зарарни баҳолаш учун кўприкни кўздан кечиришмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, «кўприк устуни, йўл четидаги тўсиқ, йўл қатлами ва метрополитеннинг ҳимоя бетон қатлами шикастланган».

2 октябр тонгида Патона кўприги бўйлаб ўнг соҳилдан чап соҳилга олиб ўтувчи йўлда, шунингдек, Метро кўпригида транспорт воситалари ҳаракати чекланди. Натижада шаҳарда улкан тирбандликлар юзага келди. 2 октябр куни кундузи Патона кўпригида иккитомонлама ҳаракат тикланди, аммо унга ҳозирча фақат Микола Михновский булвари томондан кириш мумкин. Киев мудофаа кенгаши шошилинч йиғилиш чақирган, унда шаҳарнинг чап ва ўнг соҳилдаги қисмларини ўзаро боғловчи кўприкларда ҳаракатни қандай ташкил этиш масаласи муҳокама қилинади. Днепр дарёсида транспорт учун ерости ўтиш туннели мавжуд эмас.

Бундан ташқари, Россия дронларидан бири Киев жанубидаги Украина Миллий фанлар академиясининг Ядровий тадқиқотлар институти биносига ҳужум қилгани маълум бўлди. Украина Ядровий тартибга солиш давлат инспекцияси маълум қилишича, зарба тадқиқот реактори жойлашган ҳудудга берилган. Ёнғин чиққан, аммо уни тезда ўчиришган. Одамлар жабрланмаган, реактор шикастланмаган, радиация фони меъёрда.

Киритилди: 20:09 02.10.2026. Ўқилди: 468 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!