Ёз давомида Россия аэропортларида жами 2182 марта парвозлар чекланган. Бу 2025 йилнинг бутун давридаги 1923 та ҳолатдан ҳам кўп.
Шу билан бирга, Украина Россия аэропортлари яқинида дронлар фаоллигини оширишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалди. The Wall Street Journal маълумотларига кўра, Киев вақтинчалик чекловларни аэропортларнинг тўлиқ тўхташига айлантиришни мақсад қилмоқда.
Владимир Зеленский 1 сентябрь куни Россиянинг ўзи бошлаган уруш **«унинг осмонини ёпаётгани»**ни айтди. У авиакомпаниялар ва суғурта компанияларини Россияга парвозлар билан боғлиқ хавфларни ҳисобга олишга чақирди.
Osprey Flight Solutions баҳосига кўра, август ойида Россия чегарасини кесиб ўтган қарийб 16 минг украин дрони Россия фуқаролик авиацияси учун очиқ қолдирган ҳаво ҳудудига кирган. Июнь ва июль ойларида бу кўрсаткич мос равишда 11 минг ва 13 мингдан ортиқ бўлган.
Россия Транспорт вазири Андрей Никитин эса фуқаролик авиацияси ишида жиддий узилишларга йўл қўйилмаслигини билдирди.
Зеленский Украина фуқаролик самолётларини нишонга олмаслигини таъкидлаб, «Россия осмонида дронлар бўлади, шунинг учун бунга ҳисоблашиш керак», деди.
Дронлар ҳужумлари авиақатновларга ҳам таъсир қилмоқда. FlightRadar24 маълумотларига кўра, сентябрь ойининг дастлабки уч кунида Россияда кунига ўртача 86 та рейс бекор қилинган.
Айрим хорижий авиакомпаниялар ҳам Россия йўналишларида фаолиятини ўзгартирмоқда. 2 сентябрь куни Pegasus Москвага йўл олган бир нечта самолётини «техник ва операцион сабаблар»ни кўрсатиб, ортга қайтарди. 3 сентябрь куни Flydubai ҳам рейсларини жадвал ва йўналишлардаги ўзгаришлар сабабли қайта кўриб чиқди.