Бу ҳақда Литва президенти Гитанас Науседа Х ижтимоий тармоғида хабар берди. У Россиянинг ҳаракатларини қаттиқ қоралади.
"Бу халқаро ҳуқуқ ва Литванинг ҳудудий яхлитлигини қўпол равишда бузишдир", – деди Науседа.
Литва Ташқи ишлар вазирлиги “масъулиятсиз ва хавфли хатти-ҳаракатлар” юзасидан норозилик билдириш учун Россия элчихонаси вакилларини чақиртиришини маълум қилди.
Delfi нашрининг Литва армиясига таяниб хабар беришича, кеча Россиянинг иккита самолёти Калининград вилоятидан Литва ҳаво ҳудудига кириб келди, бунга жавобан NATO’нинг Eurofighter Typhoon қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилди. Чегаранинг бузилиши 23 октябр куни соат 18:00 да Кибартай шаҳри яқинида қайд этилган. Эҳтимол, ҳавода ёқилғи қуйиш машқлари пайтида Россиянинг Су-30 ва Ил-78 самолётлари Литва ҳудудига 700 метр ичкарига кириб, 18 сониядан сўнг уни тарк этган.
"Ҳозирда NATO самолётлари чегара бузилган ҳудудда патруллик қилмоқда. Ишонч билан айтишим мумкинки вазият назоратимиз остида", – деб ёзди Литва бош вазири Инга Ругинене Facebook’да.