Россия Абу-Дабидаги музокараларда Украина уруши билан бир қаторда бутун Европа учун янги хавфсизлик тизимини яратиш масаласини кўтарди.
"Агар биз хавфсизлик тизимини ярата олсак, Европада ўнлаб, балки юзлаб йиллар давомида тинчликни таъминлай оламиз; бизнинг асосий мақсадимиз шу.
Абу-Дабида биз Европа хавфсизлиги архитектурасини муҳокама қилдик. Мақсад — 1975-йилдаги Хелсинки битимлари руҳига йўғрилган, бугунги кун воқелигига жавоб берадиган ва, энг муҳими, адолатли бўлган тизимни барпо этишдир", — деди Мединский.
Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Россия қандай тизимни таклиф қиляпти?
11 ноябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлигининг юқори лавозимли дипломати Алексей Дробинин Москвадаги конференцияда учта эҳтимолий вариантни баён қилди:
1. Ҳарбий иттифоқ ёки ўзаро ёрдам келишувлари. Россия буни Беларусь ва Шимолий Корея билан мавжуд келишувларга ўхшатди.
2. Бир-бирининг душманларини қўллаб-қувватламаслик. Яъни давлатлар агрессия юз берганда қарши томоннинг рақибига ёрдам бермаслик мажбуриятини олади.
3. Ҳужум қилмаслик тўғрисидаги битимлар. Россия ҳатто айрим НАТО аъзолари билан ҳам алоҳида ҳужум қилмаслик келишувларини тузиш мумкинлигини айтди.
Бунинг ортида қандай мақсад бор?
Москва узоқ вақтдан бери НАТОнинг Шарқий Европадаги ҳарбий фаолиятини чеклаш, альянснинг кенгайишига тўсиқ қўйиш ва Россия хавфсизлик манфаатларини ҳисобга олишни талаб қилиб келади. Шу сабабли Европа давлатларида хавотир бор: янги келишув Россияга Европа хавфсизлиги масалаларида каттароқ таъсир ўтказиш имконини бериши мумкин.
Европа бу жараёнда иштирок этяптими?
Европа давлатлари АҚШ ва Украина билан алоҳида маслаҳатлашган. Улар ҳар қандай келажакдаги келишув давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилиши кераклигини билдирган. Бироқ Россия ҳозирча Европа давлатлари билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишга тайёрлигини билдирмаган.
Абу-Дабида Европа учун янги хавфсизлик тизими бўйича якуний келишув имзолангани йўқ. Ҳозирча томонлар позицияларини муҳокама қилмоқда. Россиянинг таклифлари эса НАТОнинг Европадаги роли ва Россия билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш масаласини кун тартибига олиб чиқмоқда.