Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида савдо тармоқлари вакиллари билан янги йил арафасида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш юзасидан учрашув ўтказилди.
Идора ўз ваколатлари доирасида ички бозорда истеъмол товарларининг нархларини таҳлил қилиш ҳамда савдо фаолиятида рақобатни таъминлаш юзасидан 8 та йирик чакана савдо тармоқлари вакиллари билан учрашув ўтказган.
Учрашувда ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлар нархларига таъсир этувчи омилларни аниқлаш ва уларни барқарорлаштириш чоралари бўйича масалалар, шунингдек, чакана савдо тармоқларида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан боғлиқ тизимли муаммолар муҳокама қилинган.
Қўмита талаб кескин ошадиган ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича 8 та чакана савдо тармоғи — «Корзинка», «Макро», «Ҳавас», «Барака», «Магнум», «Ассорти», b1 ва «Магнит»га кўрсатмалар берган.
Мазкур савдо тармоқлари етказиб берувчи корхоналар томонидан нархлар ўзгартирилиши, логистика харажатлари ва бошқа нархларнинг ошишига олиб келиши мумкин бўлган омиллар тўғрисида қўмитани тезкор хабардор қилиб бориши белгиланди. Чакана тармоқлар етказиб берувчиларни асоссиз нархларни оширишга йўл қўймаслик юзасидан огоҳлантириб бориши керак.