Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилда Қирғизистонда Рамазон ойи 18 февраль куни бошланади. Бу ҳақда Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасига таяниб, “24.kg” хабар берди.
Маълум қилинишича, Лайлатул Қадр (Қадр кечаси) 16 мартдан 17 мартга ўтар кечаси бўлиши кутилмоқда. Анъанага кўра, у Рамазон ойининг 27-кечасига тўғри келади.
Шундан келиб чиқиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Рамазон ҳайити 20 март куни нишонланади. Бу кунда мусулмонлар Ҳайит намозини адо этади.
Маълумки, Рамазон ойининг бошланиши ва тугаши Ҳижрий йил ҳисоби асосида белгиланади. Бошқармага кўра, саналар янги ой кўринишига қараб ўзгариши мумкин. Ушбу кун халқаро астрономик марказлар маълумотларига асосланиб белгиланган бўлса-да, янги ой чиқиши сабабли баъзан саналар бир кун олдинга ёки орқага силжиши эҳтимоли мавжуд.
Маълумот учун, Рамазон – бу руҳий покланиш, рўза, ибодат ва хайр-эҳсон ойидир. Бу даврда мусулмонлар маънавий ҳаётга эътибор қаратиб, яхшилик қилишга, ўз амалларини англашга интилади. Ойнинг давомийлиги ой тақвимига кўра, 29-30 кунни ташкил этади ва у Рамазон ҳайити билан якунланади.