Қуёш фаоллигининг умумий пасайиш тенденциясига қарамай, ярим тун атрофида Қуёшда кучли чақнаш содир бўлди.
Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Космик тадқиқотлар институти ҳамда Сибирь филиали Қуёш-Ер физикаси институтининг Қуёш астрономияси лабораторияси маълум қилган.
«Тун ярмида Қуёшнинг 4566-сонли асосий фаол ҳудудида кутилмаганда M тоифали чақнаш содир бўлди. Бу гуруҳга кирувчи ҳодисалар расман кучли чақнашлар ҳисобланади, бироқ амалда ушбу чақнаш ўз тоифасининг қуйи чегарасида — M1.7 даражасида бўлди. Ундан кейин C тоифасига мансуб бир қатор кучсизроқ чақнашлар қайд этилди», — дейилади хабарда.
Фаолликнинг қисқа муддатли кучайишига қарамай, Қуёшдаги умумий тенденция ўзгаришсиз қолмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, янги кучли чақнашлар учун энергия захираси асосан тугаган, юлдузнинг фаол ҳудудларида эса қуёш доғларининг парчаланиш жараёни давом этмоқда.
Қуёш чақнашлари рентген нурланиши қувватига қараб бешта синфга бўлинади: A, B, C, M ва X.
Энг паст A0.0 синфи Ер орбитасида ҳар квадрат метрга 10 нановатт нурланиш қувватига мос келади. Кейинги ҳарфли синфга ўтилганда нурланиш қуввати 10 бараварга ошади.
Қуёш чақнашлари қуёш плазмаси отилиб чиқиши билан бирга кечиши мумкин. Ушбу плазма булутлари Ерга етиб келганда магнит бўронларини келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.