«Қўрқма» романи билан танилган ёзувчи Жавлон Жовлиевга Тошкент шаҳридан икки хонали хонадон ажратилади. Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида ёшлар ва фаоллар билан учрашув чоғида шундай топшириқ берди.
Давлат раҳбари ёзувчининг ижодий фаолиятини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, республика «Китобхон оила» танловида совриндор бўлган оила ҳам пойтахтдан икки хонали уй билан тақдирланиши маълум қилинди.
Жавлон Жовлиевнинг «Қўрқма» романи совет даврида Германияга ўқишга юборилган, кейинчалик сиёсий қатағон қурбонига айланган ўзбекистонлик ёшлар тақдирига бағишланган.
Учрашув давомида Президент ўзбек адабиётининг йирик намояндалари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Ҳалима Худойбердиева хотирасини ёдга олди.
Шавкат Мирзиёев она тили ва адабиётга эҳтиром кўрсатиш миллий ўзликни англашнинг муҳим қисми эканини таъкидлаб, жамиятда китобхонлик маданиятини ривожлантириш аҳамиятига тўхталди.