Табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, атроф-муҳитни ифлослантирмаслик, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ҳисобланади. Хусусан, экологияни ифлослантирмаслик учун чиқиндиларни тўғри бошқариш, белгиланмаган жойларга чиқинди ташламаслик лозим. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасида бу ҳақда “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” дея қайд этилган.
Таҳлилларнинг кўрсатишича, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қурилиш ишлари кўпаймоқда ва бу ўз навбатида қурилиш чиқиндиларининг белгиланмаган жойларга ноқонуний ташланиши билан боғлиқ муаммоларни юзага келтирмоқда. Хусусан, биргина Чорвоқ эркин туристик зонаси ҳудудида қурилишлар 2020 йилга нисбатан 10 баробарга ошгани натижасида лойиҳа эгаларининг қурилиш чиқиндиларини экологик меъёрларга риоя қилмасдан турли жойларга ноқонуний равишда ташлаб кетиш ҳолатлари ошган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон қонунчилигида чиқиндилар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун қатъий жавобгарлик белгилаб қўйилган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91 прим 1-моддасига кўра, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробаридан уч баробаргача, мансабдор шахсларга эса ўн баробаридан йигирма баробаргача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 5 баробаридан 10 баробаргача, мансабдор шахсларга эса 20 баробаридан 30 баробаргача миқдорда жарима белгиланади.
Бугунги кунда Махсус комиссия томонидан қурилиш чиқиндиларининг олдини олиш мақсадида бутун республика бўйлаб доимий рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Хусусан, Бош прокуратура, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, Экологик полиция, Тур-полиция ҳамда маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, 10 апрелдан жойларга чиққан ҳолда текширув ишлари бошланган. Текширув ишлари биринчи навбатда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ туристик зонаси ҳудудини қамраб олди. Ўрганишнинг дастлабки натижаларига кўра, 2020–2021 йилларда тумандаги икки чиқинди полигони рекультивация қилиниб ёпилгани ҳамда бугунги кунда у ердаги чиқиндилар Паркент туманидаги полигонга ташланиши маълум бўлди.
Шунингдек, 11–13 апрелда чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ жами 102 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ва тегишли чоралар кўрилмоқда. Бундан ташқари, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш бўйича 19 ҳолатда ҳам маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли қонуний чоралар белгиланди. 23 та махсус техника ёрдамида иккита ноқонуний чиқиндихона тўлиқ бартараф этилди. Жами 401 тонна ҳар хил турдаги чиқиндилар махсус чиқинди полигонларига жойлаштириш учун олиб чиқиб кетилди.
Қайд этиш лозимки, чиқиндиларни ноқонуний ва тартибсиз ташлашнинг олдини олиш мақсадида ҳудудда Экология миллий қўмитаси томонидан 10 та локация бўйича онлайн видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Бундан ташқари, қўшимча 40 та локация бўйича онлайн видеокузатув мосламалари ўрнатилади.
Шу билан бирга, ҳудудларда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида республика бўйлаб долзарб 10 кунлик эълон қилинди. Ишчи гуруҳ томонидан қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ 11 ҳуқуқбузарлик аниқланди ва тегишли маъмурий чоралар кўрилди.
Ҳурматли юртдошлар!
Фурсатдан фойдаланиб, шу ва шунга ўхшаш экологик ҳуқуқбузарликларга дуч келсангиз, Экология миллий қўмитасининг (71) 207-11-07, (71) 207-11-08, 1157 ва 1207 телефон рақамларига ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг 1205 қисқа рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Шунингдек, мурожаатларингизни қўмитанинг @ecogovuz_bot телеграм боти орқали матн, сурат ва видео шаклида ҳам юборишингиз мумкин.