Қозоғистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси қозоғистонликларни Флорида, Жоржия ва Жанубий Каролинадан зудлик билан эвакуация қилинишга чақирди. Гап шундаки, штатларга сўнгги 100 йилдаги энг кучли тўфон – «Милтон» яқинлашмоқда.
«Флорида ҳукумати бир нечта округларда мажбурий эвакуация эълон қилди. Барча аҳолига эҳтимолий фавқулодда қўнғироқларга ва зудлик билан эвакуация қилишга тайёр туриш тавсия этилади», дейилади хабарда.
Қозоғистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси қозоғистонликларни маҳаллий ҳокимият кўрсатмаларига амал қилишга ва фавқулодда ҳолатларда дарҳол дипломатларга мурожаат этишга чақирди.
АҚШ Миллий тўфон маркази маълумотларига кўра, «Милтон» тўфони 10 октябрдан 11 октябрга ўтар кечаси Флориданинг ғарбий қисмига ёпирилади. Жоржия ва Жанубий Каролинанинг қирғоқ ҳудудлари ҳам бўрон хавфи остида бўлиши мумкин.
Айрим маълумотларга кўра, бу довул олтинчи тоифа даражасига етиши мумкин. Унинг тезлиги аллақачон 257 км/соатга етган. Ҳудуддаги 5,5 миллион киши эвакуация қилишга чақирилган.
«Милтон», синоптикларнинг фикрига кўра, «Ҳелен»дан икки баравар кучли бўлади.