Россия президенти Владимир Путин ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Москвадаги икки томонлама учрашувда 2025 йил 1 январдан Эрон ва Туркия билан чегараларни қўриқлашда Россия чегарачилари билан бирга Арманистон чегара хизмати ҳарбийлари ҳам иштирок этишини келишиб олдилар. Бу ҳақда Пашинян матбуот котиби Нозели Багдасарян маълум қилди.
"Бош вазир Никол Пашинян ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги учрашувда 2025 йил 1 январдан бошлаб Арманистон - Эрон ва Арманистон - Туркия давлат чегараларини қўриқлашда Арманистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳам иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди," - деди у.
Багдасарян сўзларига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб Россия чегарачилари Арманистон-Эрон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктида хизматни тўхтатади - уларнинг ўрнини Арманистон МХХ чегарачилари эгаллайди.
Арманистон бош вазири Россия президенти билан учрашув якунларини ижобий баҳолади, деди Багдасарян. Унинг сўзларига кўра, томонлар энергетика, таълим ва гуманитар ҳамкорлик соҳаларида кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиб, аниқ келишувларга эришдилар.
Бундан ташқари, бош вазир минтақавий масалаларни муҳокама қилишда бир қатор Россия расмийлари томонидан қўлланилаётган риторикадан хавотир билдирди. Пашинян Арманистон ҳукуматининг минтақавий коммуникациялар бўйича позицияси ҳам очиқ, ҳам ёпиқ муҳокамаларда ўзгаришсиз қолишини айтди.