Бугун 23 май, 2025 йил, жума

O'ZB

Қорақалпоғистонда поезда яширинча олиб кирилган маҳсулотлар фош этилди

Қорақалпоғистонда поезда яширинча олиб кирилган маҳсулотлар фош этилди

Бугунги кунда дунё миқёсида биологик фаол қўшимчалар одамларнинг кунлик истеъмол маҳсулотига айланган. Хўш, бу қўшимчаларнинг танага таъсири қандай, Ўзбекистонда сотилаётган биологик фаол қўшимчалар текширувлардан ўтказиладими?

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутахассислари биологик фаол қўшимчаларда фармакологик ва ножўя таъсирнинг йўқлиги ва улар дори воситаси ҳисобланмаслигини маълум қилган.

Биологик фаол қўшимчаларни мамлакатимизга киритиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби бор. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 апрель куни тасдиқланган 131-сонли қарорига мувофиқ рухсатномалар орқали расмийлаштирилади.

Мамлакатимизга олиб кирилаётган ёки янги ишлаб чиқарилган биологик фаол қўшимчаларга тегишли бўлган ҳужжатлар ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим қилинади. Ҳужжатлар асосида экспертлар томонидан маҳсулотга тегишли хулосалар берилади. Маҳсулот кўриб чиқилади. Унинг таркибидаги витаминлар, микроэлементлар миқдори ҳақида таксикологик гигиеник хулоса олиш учун бошқа бўлимга йўлланма билан юборилади. Биологик фаол қўшимчалар таксико гигиеник хулосалари қабул қилингандан сўнг эксперт гуруҳининг йиғилишида кўриб чиқилиб, рухсатномалар расмийлаштириб берилади. Талабга жавоб бермайдиган биологик фаол қўшимчалар юртимизга киритилмайди.

Бугунги кунда мамлакатимизда божхона органлари томонидан сифати кафолатланмаган товар-моддий бойликларнинг божхона чегаралари орқали олиб ўтилишининг олдини олиш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Божхона қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, қорақалпоғистонлик божхоначилар томонидан мамлакатимиз ҳудудига йўловчи поездига хуфиёна яшириб, ташиш ва сақлаш талабларига риоя қилинмаган, сифати кафолатланмаган биологик фаол қўшимчаларнинг олиб кирилишининг олди олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан станцияга кириб келган 124-сонли “Волгоград – Тошкент” йўналишидаги йўловчи поездининг 5-сонли вагони божхона кўздан кечирувидан ўтказилди. Натижада, мазкур вагоннинг купеларидан бирида вагон тепа қисми вентиляция қувурлари орасига хуфиёна яширилган, божхона назоратига тақдим этилмаган жами 160 дона йод ва турли хилдаги шарбат ва кукунсимон кўринишдаги биологик фаол қўшимчаларни божхона назоратидан яшириб, қайта сотиш мақсадида олиб келинаётганлиги аниқланди.

– Ташиш ҳарорати ва сақлаш талабларига риоя этилмасдан олиб келинаётган мазкур биологик фаол қўшимчаларнинг истеъмолчилар учун фойдасидан кўра зиёни кўпроқ тегмаслигига, афсуски, ҳеч ким кафолат бера олмайди, — дейди “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости инспектори Махсура Ибраймова. — Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги “Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, жисмоний шахслар томонидан биологик фаол қўшимчаларни суюқ ҳолатида ва сироп шаклида 10 дона флаконда, кукун ҳолатида 0,5 кг.гача, таблетка кўринишида 100 донагача, капсула кўринишида 100 дона ёки 4 дона ПЭТ идишларда, шунингдек, қуритилган ҳолатда 0,5 кг.гача божсиз олиб кирилиши мумкин.

Киритилди: 16:29 21.05.2025. Ўқилди: 438 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!