Бугун 16 ноябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Қизил китобга киритилган ёввойи ўсимликлар ҳамда ҳайвонлардан фойдаланиш тартиби ўзгартирилмоқда

Қизил китобга киритилган ёввойи ўсимликлар ҳамда ҳайвонлардан фойдаланиш тартиби ўзгартирилмоқда

2024 йилнинг 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун имзоланди. Унга кўра, бир қатор қонунларга Ўзбекистон Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимликлар ҳамда ёввойи ҳайвонлар турларини табиий муҳитдан ажратиб олишни чеклашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Янги қонун билан 1992 йил 9 декабрдаги «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунга, 1994 йил 22 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, 1997 йил 26 декабрдаги «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунга, 1997 йил 26 декабрдаги «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунга, 2004 йил 3 декабрдаги «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонунга, 2020 йил 8 июлдаги «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун қуйидагича ўзгартирилди:

17-модда:
— Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларини сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш учун уларнинг ўсиш муҳити бўлган жойларда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилиши мумкин.

31-модда эса қуйидаги мазмундаги иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилди:
— Қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларидан ушбу турдаги ўсимликларни сақлаш, муҳофаза қилиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш мақсадида уларни табиий муҳитдан ажратиб олган ҳолда фойдаланилиши мумкин. Бу ўсимликлар турларининг уруғлари, кўчатлари ҳамда ниҳоллари питомникларда ва плантацияларда етиштирилиб, табиий муҳитга экилганидан кейин уч йил ўтмасдан аввал уларнинг уруғларини йиғиш ёки ҳосилини олиш тақиқланади.
— Қизил китобдаги камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимликларнинг айрим турларини ва уларнинг қисмларини табиий муҳитдан ажратиб олишга доир рухсатномаларни бериш чекланиши мумкин. Ушбу чекловларнинг асослари, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг турлари ҳамда уларнинг қисмлари, чекловларнинг амал қилиш муддати Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан киритиладиган таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Қонуннинг 37-модда учинчи қисми эса қуйидагича ўзгартирилди:
— Табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари, касалликлари таъсирида зарарланган, қуриётган ёки қуриб қолган, шунингдек, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган давлат ўрмон фонди таркибига кирмайдиган дарахтлар ҳамда буталарни кесиш Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида ҳақ тўланмасдан амалга оширилади.
Ушбу қонуннинг 42-моддаси матни қуйидагича таҳрир қилинди:
— Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни бошқа жойларга кўчиришга, шунингдек, уларни дурагайлашга белгиланган тартибда Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда Экология вазирлигининг қарорига кўра илмий ҳамда хўжалик мақсадларида йўл қўйилади.

Ушбу Қонун экология соҳасидаги давлат бошқарувининг самарали ташкил этилишини таъминлашга, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар ҳамда ёввойи ҳайвонлар турларининг сони кўпайтирилишига, уларнинг ўсиш ва яшаш муҳити шароитлари яхшиланишига, шунингдек коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллиги таъминланишига хизмат қилади.

«Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун қуйидагича ўзгартирилди ва таҳрир қилинди:
19-модданинг биринчи қисми:
— Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар турларини махсус яратилган шароитларда кўпайтириш ва кейинчалик табиий яшаш муҳитига қўйиб юбориш мақсадида; илмий ва назорат ишларини амалга ошириш учун; қонунчиликка мувофиқ алоҳида зарур бўлган ҳолларда табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олган ҳолда ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Экология вазирлиги томонидан бериладиган рухсатнома бўйича йўл қўйилади.
19-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди:
— Қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонларнинг айрим турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга доир рухсатномаларни бериш чекланиши мумкин. Чеклов асослари, ҳайвонларнинг турлари, чекловларнинг амал қилиш муддати Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда Экология вазирлиги томонидан киритиладиган таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади
29-модданинг тўртинчи қисми қуйидагича таҳрир қилинди:
— Ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома ёввойи ҳайвонларни тутишга доир тасдиқланган квоталар доирасида Экология вазирлиги томонидан берилади. Квоталар ҳайвонот дунёси объектларини давлат томонидан ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш маълумотлари, Фанлар академиясининг хулосаси асосида Экология вазирлиги томонидан тасдиқланади. Питомникларда, ҳовуз хўжаликларида етиштирилган ва уларнинг ҳудудидаги ёввойи ҳайвонларни тутиш учун рухсатнома талаб этилмайди.

«Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 32-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидагича таҳрир қилинди:
— Овчилик хўжалигини юритиш ҳуқуқи юридик ёки жисмоний шахслар томонидан ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартнома, агар ов қилиш жойлари ўрмон фонди ерларида жойлашган бўлса, Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги билан ёки, агар ов қилиш жойлари ўрмон фонди таркибига кирмайдиган ерларда жойлашган бўлса, Экология вазирлиги билан имзоланган кундан эътиборан юзага келади.
— Овчилик хўжалигини овчилар жамоат бирлашмалари томонидан юритиш техник-иқтисодий асоснома ҳамда, агар ов қилиш жойлари давлат ўрмон фонди участкаларида жойлашган бўлса, Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги билан ёки, агар ов қилиш жойлари давлат ўрмон фонди таркибига кирмайдиган участкаларда жойлашган бўлса, Экология вазирлиги билан тузилган ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартнома асосида амалга оширилади.
Шунингдек, Қонунга яна қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:
— Табиий, техноген ва антропоген омиллардан зарар кўрган ҳайвонларни реабилитация қилиш ҳамда кейинчалик табиатга чиқариб юбориш мақсадида табиий муҳитдан мажбурий тарзда ажратиб олиш Экология вазирлиги билан махсус келишувга кўра уларни тутганлик учун ҳақ тўламаган ҳолда амалга оширилади.
— Питомникларда етиштирилган, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган (учинчи ва кейинги авлод) ҳайвонлардан овчи ёввойи қушларнинг машқини ўтказиш учун ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда фойдаланишга йўл қўйилиб, бундан аввал Экология вазирлигига фойдаланиладиган ҳайвоннинг сони ва турлари, машқ ўтказиш жойи ва муддати тўғрисидаги маълумотлар, ҳалқалар, микрочиплар идентификация рақамларининг ҳамда бошқа идентификация белгиларининг рўйхати тақдим этилади.
— Ўрмон, қишлоқ ва овчилик хўжаликлари зараркунандаларининг, инсон ва ҳайвонлар хавфли касалликларини тарқатувчиларнинг рўйхати Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, овчилар жамоат бирлашмалари билан келишилган ҳолда Экология вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Киритилди: 09:36 15.11.2024. Ўқилди: 373 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!