Юртимиздаги ноёб ҳайвон ва ўсимликлар турларини асраб-авайлаш ва кўпайтириш атроф-табиий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида экологик масалалар, хусусан, атроф-муҳитни асраш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга доир бир қатор нормалар ўз аксини топган. Ушбу нормалар асосида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш муҳим масала ҳисобланади.
Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик ва ҳайвонот турларини муҳофаза қилишни янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Улар орқали камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвон ва ўсимликлар турларидан фойдаланишни тақиқловчи ва чекловчи талабларни белгилаш назарда тутилмоқда.