Учрашув давомида иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги солиқ имтиёзлари ва уларнинг амалий аҳамияти ҳақида батафсил тушунтириш берилди.
Маълум қилинишича, тегишли Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишда (пахта ва ғалладан ташқари) қўшилган қиймат солиғининг “0” ставкаси қўлланилади.
Янги тартибга кўра, иссиқхона хўжаликлари харид қилинган товар ва хизматлар учун тўланган ҚҚС суммасини 3 кун муддатда автоматик равишда қайтариб олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса:
— айланма маблағларни тезкор тиклаш;
— молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш;
— маҳсулот таннархини пасайтириш;
— ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Иссиқхона хўжалиги раҳбари мазкур янгилик замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, экспорт салоҳиятини кучайтириш ҳамда ички бозорни сифатли сабзавот маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.