Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Қирғизистонда ўлим жазосининг қайтарилишини "регрессив қадам" ва халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади.
Таъкидланишича, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва унинг Иккинчи Факультатив протоколида денонсация тўғрисидаги қоидалар йўқ. Бу шуни англатадики, ушбу шартномаларга қўшилган давлатлар учун ўлим жазосини бекор қилиш юридик жиҳатдан имконсиз ва уларга уни қонунчиликка қайта киритиш тақиқланади. Шунингдек, ушбу пактдан ҳеч бир давлат бир томонлама тарзда чиқолмайди, чунки шундай банднинг ўзи кўзда тутилмаган.
"Ўлим жазосининг қайтарилиши халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ва Қирғизистон учун регрессив қадам бўлади. Ҳукумат ўлим жазосини қайтариш учун асос сифатида кўрсатаётган жиноятлар, шубҳасиз, даҳшатли ва улар бўйича адолатли ҳукм чиқарилиши керак. Бироқ ўлим жазоси оғир жиноятларни жиловлашда муҳим роль ўйнаши ҳақида далиллар йўқ", — дея тушунтирди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Тюрк.
Қирғизистонда 2025 йил сентябрь ойи охирида 17 ёшли Айсулу Мукашеванинг зўрланиши ва ўлдирилиши ортидан ўлим жазосини қайтариш масаласи кўтарилди.
Президент Садир Жапаров Қирғизистон Конституциясига болаларни зўрлаш, шунингдек, кейинчалик болалар ёки катталарни ўлдириш билан боғлиқ зўрлаш учун ўлим жазосини қўллашга рухсат бериш бўйича ўзгартиришлар киритишни буюрганди. Мамлакат Конституциясига ўлим жазосини жорий этишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёр, яқин ҳафталарда республикада ушбу масала бўйича референдум ўтказилиши кутилмоқда.