Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси Сергей Вакуновга мигрантларнинг оммавий ҳибсга олиниши ва куч қўлланиши муносабати билан нота юборди.
Матбуот хизмати хабарига кўра, душанба куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев ва Вакунов ўртасида 11 апрель куни Москвадаги "Бодрост" ҳаммом мажмуасида содир бўлган қирғизистонликларнинг оммавий ҳибсга олиниши муносабати билан учрашув бўлиб ўтган.
"Россия томонига ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган операция, шунингдек, фуқароларга нисбатан куч қўллаш асослари тўғрисида маълумот бериш ҳамда агар куч ишлатиш асоссиз бўлса, ушбу ҳодиса юзасидан Москва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига нисбатан тегишли чоралар кўриш талаби билан расмий нота берилди", — дейилади ТИВ хабарида.
Қирғизистон оммавий ахборот воситалари операциядан сўнг 24 нафар қирғизистонлик қўлга олингани, улардан тўрт нафари Россиядан депортация қилиниши ҳақида хабар берди.