Автомашина харид қилиш, айниқса кредитга расмийлаштириб беришни қулайликлари ҳақидаги чиройли рекламалар ижтимой тармоқларда анча оммалашган.
Моддий имкониятларни тўғри баҳоламай олинган бундай кредитнинг охириги манзили кўпчиликка маълум.
Кредит ўз вақтида қайтарилмагандан сўнг, кредитни суд тартибида ундириш ва ундирувни гаров мулкига қаратиш чоралари кўрилади.
Бюро органлари иш юритувидаги банклар фойдасига ҳал қилинган суд қарорлари ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар қилинмоқда.
Даъвогар “AZIA ALLIANCE BANK” АТБ Бухоро МБХО судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ўз аризасида жавобгар М.Рашидовдан 404.479.303 сўм кредитнинг асосий қарздорлиги ва 9.588.823 сўм фоиз қарздорлиги, жами 414.068.127 сўм ундириш, ундирувни гаров мулкига қаратишни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг даъвони таъминлаш чораларини кўриш ҳақидаги ажримига асосан жавобгар М.Рашидовга тегишли бўлган 2023 йилда ишлаб чиқарилган, қора рангли, “KIA STINGER” русумли автомашина хатланиб, жарима майдончасига жойлаштириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Бухоро шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор қабул қилиниб, дарҳол ижро ҳаракатларига киришилган.
Гаров мулки бўлган автомашинани яшириб қўйиш мақсадида қилинган уринишларга қарамай, бўлим давлат ижрочилари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор М.Рашидовга тегишли бўлган, қора рангли, “KIA STINGER” русумли автотранспорт воситаси Бухоро шаҳрида топилиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди ва тегишли тартибда хатланди.
Кредит қарздорлигини бартараф этиш учун қарздорга муддат берилган, бартараф қилинмаган тақдирда, автомашина реализация қилиш учун онлайн-аукцион савдоларига чиқарилиши ҳақида расман огоҳлантирилган.
Ҳозирда, ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.