"Интер" бош мураббийи Симоне Индзаги ва "нерадзуррилар" ярим ҳимоячиси Хоқон Чалханўғлу мафия билан алоқадорликда айбланиб, битта ўйинга дисквалификация қилинди. Бундан ташқари, улар жарима тўлайдилар. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport хабар бермоқда.
Манбага кўра, тергов Индзаги ва Чалханўғлунинг "Манчестер Сити"га қарши 2023 йилги Чемпионлар лигаси финали учун қўшимча чипталарни тарқатиш борасида мафия оилаларига алоқадор ультра аъзоси билан алоқада бўлганини аниқлади.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида “Интер”нинг бир қанча мухлислари, шунингдек, “Милан” мухлислари товламачилик ва бошқа жиноятларда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Бу ишқибозларнинг ҳам мафия оилаларига алоқадорлиги ва футбол соҳаси билан боғлиқ жиноятларни содир этгани таъкидланган.
Терговга жалб қилинган “Интер” ва “Милан” прокуратура билан келишувга эришишга қарор қилишди. Бу ҳолатда “нерадзуррилар” 70 минг евро, “россонерилар” эса 30 минг евро жарима тўлайди. Индзаги 15 000 евро, Чалханўғлу 30 000 евро жаримага тортилди. Улар А Сериянинг 35-туридан ўрин олган "Верона"га қарши ўйинни (3 май) ўтказиб юборишади.