Владимир Путин Украинадаги урушда Франция фуқаролари Россия томонида жанг қилаётганини айтди.
Россия президенти Франция фуқароларидан неча киши Россиянинг Украинадаги босқинида иштирок этаётганига аниқлик киритмади.
"Ҳозирги кунда ҳам Франция Республикасининг баъзи фуқаролари махсус ҳарбий операция ҳудудида бизнинг аскарларимиз билан елкама-елка жанг қилмоқда. Улар ўз бўлинмаларини буюк боболари номи билан “Нормандия-Неман” деб атаган", — деди Россия президенти.
Аввалроқ “Важние истории” нашри Украинада Россия томонида камида 48 мамлакатдан ёлланма ҳарбийлар жанг қилаётгани ҳақида хабар берган эди. Журналистлар шу вақт ичида Москвадаги саралаш пунктидан ўтган 1300 дан ортиқ хорижликларнинг келган давлатини аниқлаган.
Қайд этилишича, энг кўп ёлланма жангчилар Жанубий ва Шарқий Осиё мамлакатларидан (771 киши). Иккинчи ва учинчи ўринларда собиқ СССР мамлакатлари (523 киши) ҳамда Африка давлатлатлари фуқаролари (72 ёлланма жангчи).
Нашрга кўра, Россияга жанг қилиш учун бораётганлар орасида Москва томонидан “дўст бўлмаган” деб эълон қилинган давлатлардан бўлганлар ҳам бор. Улар орасида АҚШ (2 киши), Латвия (4), Франция (2), Италия (2) фуқаролари мавжуд.