Қотилликдан кейин 33 ёшли аёл ўз хоҳиши билан ИИБга бориб, қилган ишини тан олган.
1 сентябрь куни соат 13:00 ларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг “Янги қишлоқ” маҳалласида оғир жиноят содир бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 33 ёшли аёл оилавий келишмовчилик чоғида қайнонасига ошхона пичоғи билан жароҳат етказган. Натижада аёл оғир тан жароҳатларидан воқеа жойида вафот этган.
Жиноят содир бўлганидан сўнг гумонланувчи ички ишлар бўлимига бориб, қилган ишини тан олган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди. Аёл қўлга олинган ва қамоққа олинган.
Тергов органлари воқеанинг барча жиҳатларини ўрганмоқда. Қонунчиликка кўра, гумонланувчи 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.