Бугун 22 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Қашқадарёда 500 нафар ёш Германияга ҳақ тўланадиган амалиётга юборилади

Қашқадарёда 500 нафар ёш Германияга ҳақ тўланадиган амалиётга юборилади

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги касбий маҳорат техникуми ва унинг негизида ташкил этилган «Касблар шаҳарчаси» фаолияти билан танишди.

Қиймати 42 млрд сўм бўлган техникум 5,2 гектар майдонда жойлашган. Муассаса 14 та бино ва иншоотни қамраб олиб, 80 та иш ўрни яратилган. Унда ўқув бинолари, лабораториялар, устахоналар, ётоқхона, спорт майдончаси, ошхона ва «Касблар шаҳарчаси» мавжуд.

Қашқадарёда 500 нафар ёш Германияга ҳақ тўланадиган амалиётга юборилади

Ҳозирда техникумда 10 та йўналиш бўйича 417 нафар ёш таҳсил олмоқда. Ўқув жараёнига Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси татбиқ этилмоқда. Техникум вилоятдаги бошқа касбий таълим муассасалари учун ҳам методик ва амалий база бўлиб хизмат қилади. Уларда ўқиётган 2 минг 800 нафар ўқувчи техникумда амалиёт ўтайди.

Амалиёт ва дуал таълимни ташкил этиш бўйича 32 та йирик ташкилот билан шартномалар тузилган. Яна 11 та ташкилот билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши режалаштирилган. Йил якунига қадар 500 нафар ёшни немис тилига ўқитиб, Германияда ҳақ тўланадиган амалиётга юбориш кўзда тутилган. Президент стажировкага кетаётган ёшлар билан суҳбатлашди.

— Барча саъй-ҳаракатларимиз сизлар касб эгаллашингиз учун. Касбли бўлсангиз, ҳеч қачон кам бўлмайсизлар. Билим ва ҳунарни пухта эгалласангиз, қаерда бўлманг, ўз ўрнингизни топасизлар. Бугун сизларга шундай имконият бериляпти. Ундан тўғри фойдалансангиз, ўзингиз, фарзандларингиз ва невараларингиз учун фаровон ҳаётга замин яратасизлар. Шунинг учун бир дақиқангиз ҳам бекор ўтмасин, — деди Президент.

«Касблар шаҳарчаси» мактаб ўқувчиларининг қизиқиши ва қобилиятини эрта аниқлаш, уларни касбга йўналтириш мақсадида ташкил этилган. Бу ерда ёшлар ахборот технологиялари, «яшил» энергетика, робототехника, дронларни бошқариш ва электромобилларга хизмат кўрсатиш билан танишади. Шунингдек, тикувчилик, ошпазлик, сантехника, зоотехника ва агрономия бўйича амалий кўникмаларни эгаллайди.

Вилоятдаги инвестиция лойиҳалари янги мутахассисларга талабни оширмоқда. Шу боис таълим дастурларини иш берувчилар эҳтиёжларига мослаштириш, техникум имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ва ёшларни янги корхоналар учун мақсадли тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Ташриф давомида Қашқадарё вилояти таълим тизимидаги замонавий ёндашувлар ва Германия билан ҳамкорликдаги истиқболли қўшма лойиҳалар ҳақида ҳам ахборот берилди.

Киритилди: 17:48 21.10.2026. Ўқилди: 316 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!