Бугун 6 март, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Қабристонда мудҳиш жиноят содир этган шахсга ҳукм ўқилди

Қабристонда мудҳиш жиноят содир этган шахсга ҳукм ўқилди

- Сендай фарзандга лаънат бўлсин. Ўғил ўстириб, роҳатингни кўрмадим, бошимга ғаму ташвишдан бошқасини солмадинг. Умрбўйи юзимни ерга қаратишдан ортмадинг!-кекса ота ҳаётининг салкам 10 йилини кетма-кет турмаларда ўтаб чиққан 36 ёшли ўғлини қаттиқ сўкди. Нотавон ўғил шундоқ қаршисида титраб, кўз ёш тўкиб турган отанинг сўзларини назарга ҳам олмади.

- Сен гапир, онаси!

- Букрини гўр тузатади, отаси, гўр. Кўрим бўлди бу фарзанд бизга, кўрим..,-унсиз йиғлади она.

2015 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг турли моддалари билан айбдор, деб топилиб, умрини фақат панжара ортида ўтказиб келаётган Авазхон Қобилов (исми шарифи ўзгартирилган) дарвозани «қарс» қилиб, ота-онасининг юзига ёпиб кетди.

2024 йилнинг октябр ойида ўз хатти-ҳаракати учун 3 йилдан кўп қамоқ жазосини ўтаб қайтган Авазхон Қобилов Қоракўл тумани ИИБ пробация гуруҳига рўйхатга олиниб, «Онда Ҳасан Сервис» жамиятида қурилиш ташкилотига ишчи бўлиб жойлашган. Шунга қарамасдан, тузалиш йўлига ўтмаган, ҳар кун ишга спиртли ичимликлар ичиб келишдан тўхтамаган.

Кунларнинг бирида у ҳеч кимдан сўроқсиз ишга бормаган ва Бухоро шаҳрига борган. Шаҳардаги кафелардан бирига кирган. Худди шу ерда ёлғиз ўзи спиртли ичимлик истеъмол қилиб турган ёши ўзидан камида 10-15 ёш катта Робия Ҳасанова (исми шарифи ўзгартирилган) исмли аёл билан танишган. Кечгача спиртли ичимлик истеъмол қилишган. Аёл Қоровулбозор туманида яшаш учун уйи борлигини билдириб, Авазхон Қобиловни ҳам ўз уйига олиб кетган. Бир неча кун бирга яшашган.

Суд ҳужжатларига кўра, Қоровулбозор туманида кечки пайт қайтишган ошиқ-маъшуқлар соат тахминан 20:00 ларда Қоракўл туманига келишган. Таксига пуллари етмагани боис, манзилгача машинада бормай, тумандаги «Зарафшон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Қобил ота» қабристони олдида тушиб қолишган. Қабристон оралаб ўтиб кетаётиб, эркак ва аёл пул устида тортишиб қолишган. Тортишув жанжалга, жанжал муштлашувга айланган. Мушт зарбидан аёл депсиниб йиқилиб кетган. Аёл ёрдам сўраб, ҳарчанд бақириб-чақирмасин, кун совуғида уни ҳеч ким эшитмаган. Эркак қаршилик кўрсатишга ожиз қолган аёлни эркак бўға бошлаган...

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Авазхон Қобилов ўзи бўғиб ўлдирган аёлни ялонғочлаб, кўмиб ташлашга ҳам уринган. Бироқ, тунги ваҳм ва қўрқув устунлик қилиб, мурдани ярим ялонғоч ҳолатда қабристонга қолдириб, ўз уйига келган. Ва бир аёлни қабристонда ўлдириб қўйгани хабарини ота-онаси ва синглисига билдирган.

«Айбдорнинг юзида, ўзини тутишида на қилган ишидан пушаймонлик, на ачиниш ҳисси бор. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 34-моддасига (Рецидив жиноят) асосан, ўта хавфли рецидивист, деб топилди ва 97-моддасига (Қасддан одам ўлдириш) кўра, унга нисбатан салкам 12 йил қамоқ жазоси тайинланди»,-деди Бобораҳим Очилов.

Суд ҳукмига кўра, қотилнинг тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Киритилди: Бугун 02:33. Ўқилди: 1812 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!