Мазкур қонунга кўра, Россиядаги хорижлик фуқаролар ўзини ва қарамоғидаги оила аъзоларини яшаш минимуми ҳамда ҳудудга қараб белгиланган кўрсаткич ҳисобга олинган миқдордан кам бўлмаган даражада таъминлаши шарт.
Шунингдек, патент асосида ишлаётган мигрантлар патентни расмийлаштириш чоғида нафақат ўзлари, балки Россияда яшаётган барча вояга етмаган фарзандлари учун ҳам жисмоний шахслар даромад солиғи бўйича белгиланган қатъий аванс тўловини амалга ошириши керак бўлади. Мазкур талаб тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, жисмоний шахслар учун уй-рўзғор ва шунга ўхшаш хизматларни кўрсатувчи хорижликларга ҳам татбиқ этилади.
Қонун талабларини бажармаган мигрантларга патент ёки ишлаш рухсатномаси узайтирилмайди. Шундан сўнг, агар Россияда қолиш учун бошқа қонуний асослари бўлмаса, улар вояга етмаган фарзандлари билан бирга 15 кун ичида мамлакатни тарк этиши керак бўлади.
Ушбу тартибга кўра, мигрантларнинг вояга етмаган фарзандлари Россияда ота-онасининг патенти амал қиладиган муддат давомида қолиши мумкин. Улар 18 ёшга тўлгач, 30 кун ичида мамлакатни тарк этиши ёки Россияда қолиш учун патент олишга ариза бериб, тегишли аванс солиғини тўлаши лозим.
Қонун билан Россия Ички ишлар вазирлигига мигрантларнинг даромади, даромад даражаси ҳамда даромад солиғи бўйича аванс тўловлари амалга оширилганини текшириш ваколати ҳам берилди. Шунингдек, вақтинчалик яшаш ёки яшаш гувоҳномасини олган хорижликларнинг солиқ органларида рўйхатдан ўтган-ўтмагани ҳам назорат қилинади.