Бугун 30 октябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Путин: "Россия Европа билан муносабатларни тиклашга қаратилган ҳар қандай қадамни қўллаб-қувватлайди"

Путин: "Россия Европа билан муносабатларни тиклашга қаратилган ҳар қандай қадамни қўллаб-қувватлайди"

Россия Европа Иттифоқи билан яхлит ҳолда ҳам, алоҳида давлатлар билан ҳам муносабатларни тиклашга қаратилган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлайди.

Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин «Россия — Африка» саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

У Финляндия президенти Александр Стубб ва Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре билан яқинда бўлиб ўтган телефон мулоқотига изоҳ бериб, улар Европа Иттифоқи номидан эмас, балки ўз мамлакатлари вакиллари сифатида суҳбатлашганини таъкидлаган.

«Европа Иттифоқи мамлакатлари — Финляндия ва Норвегия раҳбарлари билан телефон орқали бўлган суҳбатга келсак, улар мулоқот бошидаёқ ташкилот сифатида Европа Иттифоқи номидан гапирмаётганликларини, менга миллий мақомда қўнғироқ қилаётганликларини таъкидлашди», — деди Путин.

Унинг аниқлик киритишича, суҳбат уларнинг ташаббуси билан ўтказилган ва унда бир қатор масалалар, жумладан, Болтиқ денгизидаги хавфсизлик муҳокама қилинган. Путиннинг сўзларига кўра, Россия ҳар қандай таҳдидга жавоб беришга тайёр, бироқ Болтиқ денгизида Ҳурмуз бўғози ва Форс кўрфазидаги каби вазият юзага келишини истамайди.

Путин Европа Иттифоқи томонидан Стёре ва Стуббга нисбатан билдирилган танқидларга қўшилмаган. Унинг таъкидлашича, мазкур ташаббус тўғри бўлган ва Москва билан конструктив мулоқотни йўлга қўйишни мақсад қилган.

«Биз Европа мамлакатлари билан тўлақонли ва ҳар томонлама муносабатларни тиклашга қаратилган ҳар қандай қадамни доимо қўллаб-қувватлаб келганмиз ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаймиз», — деди Путин.

Россия етакчиси, шунингдек, Европада кўпчилик 2030 йилга бориб Россия билан урушга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида гапираётганини қўшимча қилди. Унинг айтишича, Россия бунга тайёр, бироқ урушни истамайди, чунки бундай урушда ғолиблар бўлмайди.

Киритилди: Бугун 09:50. Ўқилди: 369 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!