Россия президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Кадировга II даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” орденини топширди, тақдирлаш маросими Кремлда бўлиб ўтди.
Мукофот “Россия давлатчилиги мустаҳкамланишига, мамлакат мудофаа қобилияти кучайтирилишига ҳамда Чеченистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшган улкан ҳиссаси учун” деган таъриф билан топширилди.
“Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени тўртта даражага эга бўлиб, биринчиси энг юқори ҳисобланади. Кадиров ушбу мукофотнинг тўртинчи (2006), учинчи (2021) ва иккинчи даражалари билан тақдирланган. Кадировни ушбу орденнинг иккинчи даражаси билан тақдирлаш тўғрисидаги фармон президент томонидан февраль ойида имзоланган эди.
Кадиров Чеченистонни 2007 йилдан бери бошқармоқда. У бу лавозимда Россиянинг бошқа ҳудудлари раҳбарларига қараганда узоқроқ муддат ишлаган. Унинг ваколат муддати 2026 йилда якунланади.