Бугун 15 ноябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Путин Европа чегараларини қайта белгилашни ва NATO'ни заифлаштиришни кўзламоқда — Володимир Зеленский

Путин Европа чегараларини қайта белгилашни ва NATO'ни заифлаштиришни кўзламоқда — Володимир Зеленский



Украина президентининг айтишича, Россия Европада NATO'нинг ҳарбий иштирокини заифлаштиришни истайди. Хавф остидаги давлатлар қаторида Финляндия, Швеция ва Болтиқбўйи мамлакатлари бор.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, АҚШ томони уруш тугаганидан кейин янги хавфсизлик тузилмасини яратиш масаласини кўтарган. Бу глобал хавфсизлик тизимидаги, хусусан, Европадаги эҳтимолий ўзгаришларга тааллуқли.

Украина президенти бундай муҳокамаларни хавфли деб ҳисоблашини билдирди. Чунки Россия қитъадаги амалдаги хавфсизлик тизимини қайта кўриб чиқишдан манфаатдор. Унинг фикрича, америкаликлар айнан шу сабабли ушбу масалани муҳокама қилишга россияликларни жалб қилган.

"Путин Европадаги чегараларни ўзгартиришни истаётгани — факт. Ишончим комилки, бу унинг Европадаги хавфсизлик кафолатларини қайта кўриб чиқиш борасидаги қарашларининг бир қисмидир", — деди Украина етакчиси.

Зеленскийнинг тахминича, янги Европа хавфсизлик тизими муҳокамаси чоғида Путин Финляндия ва Швеция масаласини кўтариши мумкин. Бундан ташқари, Украина президентига кўра, Россия раҳбари Венгрия ва Болтиқбўйи давлатларида АҚШ қўшинларининг жойлашуви мавзусини ҳам муҳокама қилиши эҳтимолдан холи эмас.

Шу билан бирга, Зеленскийнинг фикрича, бундай музокаралар фақат Украинага қарши уруш тугаганидан кейингина ўтказилиши лозим. Президент ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилмасдан ва Украинага хавфсизлик кафолатлари берилмасдан туриб, янги хавфсизлик тизими масалаларини муҳокама қилишнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирди.

10–11 ноябр кунлари Абу-Дабида Украина, АҚШ ва Россия ўртасида ўтган музокараларда янги Европа хавфсизлик тизими масаласи яна асосий мавзулардан бири бўлди. Москва NATO'нинг 1997 йилги чегараларига қайтишини яна бир бор талаб қилмоқда. Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, бу ҳақда Россия томони музокараларда тақдим этган урушдан кейинги Европа тартиби шартлари баён этилган ҳужжатда айтилган.

Киритилди: 18:57 14.11.2026. Ўқилди: 669 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар