Францияда Париж Сен-Жерменнинг УЕФА Чемпионлар Лигаси финалидаги ғалабасидан кейин бошланган тартибсизликларда камида 12 киши жароҳат олди.
Бу ҳақда Le Figaro газетаси хабар берди.
Газета хабарига кўра, жароҳатланганлар орасида саккиз нафар полиция ходими ҳам бор. Ажен шаҳрида етти нафар ходим жароҳат олган, яна бири Париждаги Порт-Майло яқинида машина уриб кетган. Ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манба газетага берган маълумотига кўра, мухлислар тўпланган Париж ҳалқа йўлида содир бўлган автоҳалокатдан сўнг икки киши оғир аҳволда. Республика майдони яқинида яна бир киши пичоқланган. Шунингдек, бир аёл юрак хуружидан сўнг реанимацияда эканлиги айтилмоқда.
Le Figaro хабарига кўра, бутун мамлакат бўйлаб тартибсизликлар пайтида 416 киши ҳибсга олинган, жумладан, Парижда 283 киши.