Қайд этилишича, 2023-йилда паррандачилик тармоғида 253 та лойиҳа амалга оширилиб, бундай хўжаликлар сони 1 минг 300 тага етган, 4 мингта янги иш ўрни очилган. Келгусидаги истиқболли лойиҳалар учун халқаро ташкилот ва банклардан 420 миллион доллар жалб қилинмоқда.
Паррандачилик тармоғини ривожлантириш стратегияси ҳамда бу йилги режалари юзасидан ахборот берилди.
Жумладан, бу йил парранда гўшти ҳажми 700 минг тоннадан 800 минг тоннага, тухум етиштириш 8,5 миллиард донадан 10 миллиард донага етказилиши айтилди.
Бу тармоқдаги энг муҳим масала – насл. Юртимизда гўшт йўналишидаги парранданинг 1-тартибли генетикаси йўқ, 2-тартибли генетика эса Венгриядан олиб келинаяпти.
Жаҳон бозорида парранда генетикасининг 80 фоизи АҚШ компаниясига тўғри келади. Шу боис улар билан ҳамкорликда паррандачиликда генетик технологияларни жорий қилиш ва наслчилик хўжаликлари ташкил этиш режалаштирилган.