Бош Прокуратуранинг Расмий баёнотида қайд этилишича, 26 октябрь куни соат 01:40 ларда фуқаро С.С.нинг
бошқарувидаги “Range Rover” русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага
ўқотар қуролидан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинишган.
Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Гумон қилинувчи шахсларни аниқлаш ва ушлаш юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирда тегишли идораларнинг малакали ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда бу ҳодиса Президент администрациясининг собиқ амалдори Комил Алламжоновга суиқасд эканлиги ҳақида хабар тарқалганди. Прокуратура хабарида унинг номи келтирилмаган.