Бугун 4 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Президент Бухоро иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқиш бўйича топшириқлар берди

Президент Бухоро иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқиш бўйича топшириқлар берди

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари вилоятни ривожлантириш учун умумий қиймати 30 миллиард доллар бўлган янги ташаббуслар тайёрланганини маълум қилди.

"Бухоро иқтисодиётига, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб кирадиган 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар билан келганмиз", — деди Президент.

Ичимлик суви ва йўл инфратузилмаси

Вилоятда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади. Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида 385 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг иккинчи босқичига қўшимча 248 миллион доллар йўналтирилади.

Натижада 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланиб, 775 минг киши канализация тизимига уланади. Марказлашган ичимлик суви билан қамров даражаси 80 фоиздан 95 фоизга оширилади.

Президент сув таъминотида муаммолар сақланаётган 55 та маҳаллада ишларни жадаллаштиришни топширди.

Транспорт инфратузилмасида ҳам йирик лойиҳалар режалаштирилган. Жорий йилда А-380 автомобиль йўлини реконструкция қилиш якунланади. Келаси йил М-37 йўлининг 69 километри янгиланиб, Бухоро атрофида 4,5 километрлик айланма йўл қурилади.

Самарқанд ва Бухорони боғлайдиган пулли автомобиль йўли ҳамда тезюрар поезд учун янги темир йўл тармоғи барпо этиш режалаштирилмоқда. Янги автомобиль йўли орқали сафар вақтини 5 соатдан 1,5 соатгача қисқартириш кўзда тутилган.

Бухорода 300 миллион долларлик аэропорт қурилмоқда

Янги халқаро аэропорт бир вақтнинг ўзида 20 та самолёт ва 1200 нафар йўловчига хизмат кўрсата олади.

Аэропортни шаҳар маркази билан боғлаш учун 24 километрлик автомобиль йўли ва автобуслар учун 5,5 километрлик BRT йўлаги ташкил этилади.

Туркиянинг Pegasus авиакомпанияси Бухорога тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўймоқда. Келаси йил Малайзия, Индонезия, Кувайт, Миср ва Баҳрайн билан ҳам авиақатновларни очиш режалаштирилган.

Шунингдек, вилоятдаги 2 минг километр ички йўл ва 266 та кўприкни таъмирлаш, жамоат транспорти учун яна 120 та автобус олиб келиш вазифаси белгиланди.

Сайёҳлар сони 7 миллионга етказилади

Жорий йилда Бухорога 3,5 миллион хорижлик сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда. Президент бу кўрсаткични икки баравар ошириш бўйича аниқ режа ишлаб чиқишни топширди.

Эски шаҳар, Етти пир, Чор Бакр, Пойкент, Варахша ва Вардонзе каби тарихий масканлар ягона туристик йўналишга бирлаштирилади.

Гулчорбоғ маҳалласида 50 гектарлик туризм маркази, Жалол Икромий маҳалласида халқаро конгресс-холл ҳамда Hilton ва Holiday Inn меҳмонхоналари барпо этилмоқда.

Бухоро туманида эса 1000 гектар майдонда 500 миллион долларлик туризм кластери ташкил этилади. Шаҳарнинг саккизта марказий кўчаси янгиланиб, олтита хиёбон қурилади.

Келаси йил вилоятда 30 га яқин халқаро тадбир ўтказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, Президент беш юлдузли меҳмонхоналар ва йирик кўнгилочар мажмуалар етишмаслигига эътибор қаратди.

Иқтисодиёт ҳажми 100 триллион сўмдан ошади

Йиғилишда Бухоро иқтисодиёти жорий йилда илк бор 100 триллион сўмлик маррадан ўтиши, ўсиш суръати 10,1 фоизни ташкил этиши маълум қилинди.

Бироқ иқтисодиётда табиий ресурсларга боғлиқ саноат ва қишлоқ хўжалигининг улуши ҳануз 43 фоиз бўлиб қолмоқда. Хизматлар соҳасининг улуши эса сўнгги ўн йилда 33 фоиздан 36 фоизгача ўсган.

Шу сабабли ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва туманларнинг иқтисодий имкониятларидан самарали фойдаланиш вазифалари белгиланди.

Келгуси уч йилда саноат соҳасида 28 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш имконияти мавжуд. Уларнинг 17 миллиард доллари нефть-газ ва кимё саноатига тўғри келади.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш, Когон туманида нефть-кимё илмий-саноат кластерини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Энергетика ва ижтимоий соҳадаги режалар

Бухорода қисқа муддат ичида қарийб 2000 мегаватт қувватли электр станциялари ишга туширилган.

Келгуси уч йилда яна 3100 мегаватт қувватли шамол электр станциялари ва 1000 мегаваттлик энергия сақлаш тизимлари қурилади. Шунингдек, 745 километр электр тармоғи барпо этилади.

Тўқимачилик саноатида келаси йил камида 1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ва экспорт ҳажмини икки баравар ошириш мақсад қилинган.

Таълим соҳасида хусусий боғча ва мактаблар сони кўпайтирилади. Мактаб битирувчиларининг 50 фоизини техникумларга жалб этиш, олий таълим муассасаларида дуал таълим қамровини икки баравар кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Соғлиқни сақлаш тизимида эса жорий йилда 29 та шифохона ва поликлиникада янгилаш ишлари амалга оширилган. Президент тиббий хизмат сифатини ошириш ва соҳага инвестициялар жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.

Олот тумани ҳокими мукофотланади

Йиғилиш якунида Шавкат Мирзиёев Олот тумани ҳокими Наргиза Нематованинг ҳудудни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги фаолиятини алоҳида эътироф этди.

Президент уни кўп йиллик самарали меҳнати учун "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан мукофотлашга қарор қилганини эълон қилди.

Шундан сўнг давлат раҳбари Бухоро вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтди.

Киритилди: Бугун 13:49. Ўқилди: 122 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!