Жиззах вилояти Зарбдор тумани ҳокими Бекзод Тошпўлатов боғча мудираси ўлдирилиши ортидан лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда “Дарё” нашри ўзи манбасига асосланиб хабар берди.
Манбаларга кўра, Тошпўлатов 31 октябрь куни вазифасидан озод этилган. Мазкур қарор тумандаги боғчалардан бири мудирасининг ўлдирилиши ортидан қабул қилинган. Ҳодиса юзасидан тарқалган маълумотларда собиқ ҳокимнинг номи ҳам тилга олинган, бироқ унинг воқеага алоқадорлиги ҳақида расмий хулоса эълон қилинмаган.
Туман ҳокимлиги матбуот котиби Ўктам Сулаймонов ҳокимнинг ишдан олинганини тасдиқлади.
Туман ҳокими вазифасини вақтинча бажариш ҳокимнинг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Алишер Эржигитов зиммасига юклатилган.
Бекзод Тошпўлатов 2025 йил 17 январдан буён Зарбдор туманига раҳбарлик қилаётганди.