Евроосиёни велосипедда энг тез кесиб ўтиш бўйича жаҳон рекордини янгилашга уринган франциялик Софиан Сеҳили Владивостокда ҳибсга олинди. Бу ҳақда ўз манбаларига асосланиб Le Monde хабар берди.
Сеҳили чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда, деб ёзди нашр.
Сеҳили 44 ёшда. У ҳужжатли филмлар ижодкори бўлган, 2012 йилда касбини велоспортга ўзгартирган. Ўшандан буён у 20 га яқин кўп километрлик пойгаларда қатнашиб, уларнинг 11 тасида ғалаба қозонди. Улар орасида Канада ва Мексикадан 4 500 километрга чўзилган Tour Divide пойгаси ҳам бор.
Июн ойи ўрталарида Сеҳили ўзининг инстаграм-саҳифасида 2017 йилда Евроосиёни велосипедда энг тез босиб ўтиб рекорд ўрнатган германиялик Йонас Дейхманнинг рекордини янгилашни орзу қилаётганини ёзган эди. Ва у олис ҳамда машаққатли сафарга отланиб, Португалиянинг Рока бурнидан Владивостоккача 64 кун, икки соат ва 26 дақиқада етиб борди.
Сеҳили велосаёҳатга 2025 йил 1 июлда Португалиядан жўнаб кетди. У Инстаграмдаги постларидан маълум бўлишича, у биринчи марта июл ойи охирида Чеченистонга Грузия орқали кириб, Россия чегарасини кесиб ўтган. У Россияни Астрахан вилояти орқали тарк этиб, Қозоғистон, Тожикистон ва Мўғулистон ҳудудлари бўйлаб саёҳатни давом эттирган.
Хитойда Сеҳили ўз саёҳатини тўхтатди, деб ёзди Le Monde.
Софиан Сеҳили
«Марра жуда яқин қолганида муваффақиятсизликка учраш юракни эзади. Энди менда яна рекордни янгилаш учун уриниб кўришни хоҳлаш-хоҳламаслигимни ҳал қилиш учун ўн ой вақт бор... ёки бу абадий муваффақиятсизлик бўлиб қолади», — деб ёзди Сеҳили.
У 2 сентябр куни Инстаграмдаги сторисида Хитой-Россия чегарасида Россия божхоначилари томонидан тўхтатилганини маълум қилган.
Сеҳили билан кейин нималар бўлганини унинг ёзганидан билиш қийин.
Le Monde хабарига кўра, Франция консуллиги велосаёҳатчига ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Россия ҳукумати эса Сеҳилининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларга ҳозирча изоҳ бермади.