3 ноябрга ўтар кечаси Польша чегарачилари Калининград вилояти билан чегарадош ҳудудда фонарлар билан ҳаракатланаётган бир неча номаълум шахсларни аниқлади. Ушбу шубҳали фаоллик ортидан мамлакат Бош вазири Дональд Туск хавфсизлик кучларини зудлик билан сафарбар этиш ҳақида топшириқ берди.
«Биз жуда тез фурсатда у ерга ўз куч ва воситаларимизни сафарбар этдик ва провокация уринишларининг олдини олишга эришдик», — деди Туск ҳукумат йиғилиши олдидан берган баёнотида.
Варшава юзага келган вазиятни ўта жиддий баҳоламоқда, буни мамлакат шимоли-шарқида полиция кучларининг оммавий равишда тўплангани ҳам тасдиқлайди. Бир неча кундан бери чегарадош ҳудудларга қўшимча ходимлар, жумладан, антитеррор бўлинмалари юборилмоқда.
Польша ҳарбий разведкаси ва иттифоқчи давлатлар спецхизматлари маълумотларига кўра, ноябрь ойининг биринчи ярмида диверсиялар, жиддийроқ провокациялар ва ҳатто Польша ҳудудига қуролланган гуруҳларнинг суқилиб кириш хавфи мавжуд. Қайд этилишича, НАТО кучлари олий бош қўмондони Алексус Гринкевич Польшага ташрифи чоғида Дональд Тускни эҳтимолий эскалация ҳақида огоҳлантирган.
«Россия томонидан кескинлик ва эскалация давом этиши мумкин. Польша нафақат чегарада, балки мамлакат ичида ҳам юзага келиши мумкин бўлган диверсия ва провокацияларнинг олдини олиш учун максимал даражада диққатни жамлаши ва сафарбар ҳолатда бўлиши зарур», — дея таъкидлади Туск.