Пекин Тайванга қурол сотган Европа корхоналарига экспорт тақиқини жорий этди.
Мамлакат Савдо вазирлиги Тайванга қурол-яроғ етказиб берганликда айблаб, Европанинг еттита корхонасига нисбатан икки томонлама мақсадли товарлар экспортини тақиқлади. Санкциялар рўйхатига Германиянинг "Hensoldt AG", Бельгиянинг "FN Browning" ва Чехиянинг тўртта компанияси, жумладан "Excalibur Army" киритилган.
Бу Пекиннинг Европага нисбатан Тайван масаласи туфайли қўллаган камёб чекловларидан бири бўлди. Ушбу тақиқ дронлар ва микросхемалар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган технологиялар ҳамда камёб ер ости бойликларини ўз ичига олади.
Эндиликда Хитойда ишлаб чиқарилган икки томонлама мақсадли маҳсулотларни мазкур еттита ташкилотга етказиб бериш қатъиян ман этилади. Чехия ТИВ раҳбари Пекиндан расмий изоҳ талаб қилган бўлса-да, Хитой томони Европа Иттифоқини бу вазиятдан олдиндан хабардор қилганини билдирди.