Хитой миллий кино бошқармаси Голливуд филмлари импортини қисқартириш режасини эълон қилди. Бу қарор АҚШ президенти Доналд Трампнинг Хитой товарларига божларни оширган ҳаракатларига жавобан қабул қилинди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
" Биз бозор қоидаларига риоя қиламиз, томошабинлар танловини ҳурмат қиламиз ва импорт қилинган Америка филмлари сонини ўртача даражада камайтирамиз ", деди департамент.
Reuters агентлигининг қайд этишича, Голливуд филмлари Хитойда касса даромадининг атиги 5 фоизини ташкил қилади. Шу билан бирга, АҚШ студияларининг ўзлари Хитой дистрибюциясидан фақат 25% фойда олади. Агентлик мамлакатда Ғарб киносига қизиқиш пасайиб бораётганини таъкидлайди.
2020 йилдан бери Хитойнинг касса даромадининг қарийб 80 фоизи маҳаллий филмлардан тушган. Илгари бу кўрсаткич 60 фоизни ташкил этган эди.
1995 йилдан бери Хитойда хорижий филмлар прокатига квота мавжуд. Дастлаб йилига 10 дан ортиқ хорижий филмга рухсат берилмаган. Кейинчалик квота 34 та филмга оширилди.
9 апрел куни Доналд Трамп кўпчилик мамлакатлар учун тарифларни оширишни 90 кунга тўхтатиб қўйганини маълум қилди. Хитой бундан мустасно эди.
Трампнинг сўзларига кўра, Хитой товарларига божлар 104% дан 125% гача кўтарилади ва дарҳол кучга киради. АҚШ президенти Пекинни “жаҳон бозорларини ҳурмат қилмасликда” айблади.