Парагвай президенти Сантьяго Пенья мамлакатдаги йирик банк инқирози ва унинг ортидан юзага келган сиёсий можаро фонида истеъфога чиқишини эълон қилди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, инқироз Ueno банкининг молиявий муаммолари ортидан бошланган. Парагвай Марказий банки молия муассасаси тўлов қобилияти бўйича белгиланган талабларни бузгани сабаб унинг фаолиятига аралашган.
Натижада банкнинг қарийб 3 миллион мижози ўз ҳисобрақамларидаги маблағлардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлган.
Мазкур воқеа мамлакатда жиддий сиёсий инқирозни келтириб чиқарди. Мухолифат президентга нисбатан импичмент жараёнини бошлаш ташаббуси билан чиқди, оммавий намойишларга чиққан фуқаролар эса унинг истеъфосини талаб қилди.
Шу билан бирга, Сантьяго Пенья ўз партиясининг айрим вакиллари қўллаб-қувватловидан ҳам маҳрум бўлди.
Аввалроқ Парагвай Марказий банки раҳбари лавозимидан кетган, Ueno банкининг саккиз нафар раҳбар ходими эса тергов доирасида қўлга олинган эди.
Президент видеомурожаатида истеъфо бериш қарорини мамлакатда барқарорликни сақлаш, жамиятда тинчликни таъминлаш ва демократик институтларни ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлади.
Энди Сантьяго Пеньянинг истеъфоси Парагвай Сенати томонидан тасдиқланиши керак.
Кутилишича, шундан сўнг давлат раҳбари ваколатлари амалдаги вице-президент Педро Альянага ўтади.