Шу билан бирга, Калифорния юзлаб ўлим ҳукмларини умрбод қамоқ жазосига алмаштиришга қарор қилди.
АҚШда 5 ноябрь куни Флорида, Алабама ва Индиана штатларида қотиллик учун ҳукм қилинган уч нафар маҳкум бир вақтнинг ўзида қатл этилди. Уларнинг барчасига ўлим инъекцияси юборилган. Бу 2026 йилнинг август ойидан бери кузатилган иккинчи шундай ҳолат бўлди, ваҳоланки, илгари учта штатда бир кунда қатл ижро этилиши 2010 йилдан бери қайд этилмаган эди.
Флоридада 2004 йилда 75 ёшли аёлни ўлдириш ва тунашда айбдор деб топилган 64 ёшли Джесси Гуардадо қатл этилди. Ўлимидан олдин у жабрланувчининг яқинлари ва ўз оиласидан кечирим сўради.
Алабамада 1991 йилда кекса эр-хотинни ўлдирган 54 ёшли Майкл Тейлорга нисбатан ҳукм ижро этилди. Индианада эса 2010 йилда уйга ўт қўйиш вақтида икки боланинг ўлимида айбдор деб топилган 50 ёшли Джеффри Вайсхайт қатл қилинди. Йил бошидан бери АҚШда жами 35 киши қатл этилган бўлса, шулардан 19 таси Флорида штати ҳиссасига тўғри келади.
Бир вақтнинг ўзида Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом 548 нафар маҳкумнинг ўлим ҳукмини шартли озод қилиниш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига алмаштириш ниятида эканини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, «давлат томонидан маъқулланган қотилликлар» штат қадриятларига зид келади. Калифорнияда қарийб 20 йилдан бери қатллар ўтказилмаган, 2019 йилдан бери эса уларни ижро этишга расмий мораторий амал қилмоқда.