Бугун 26 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Озарбайжоннинг Фузулийси: босқин унутилди, ҳаёт жонланмоқда

Озарбайжоннинг Фузулийси: босқин унутилди, ҳаёт жонланмоқда

2020 йил, 17 октябрь. Озарбайжон Республикаси Қуролли кучлари олий бош қўмондони Илҳом Алиев халққа мурожаат қилиб, Фузулий шаҳри Арманистон ишғолидан озод этилганини маълум қилди. Адолат, озодликка бўлган интилиш, ҳурлик тантана қилди. Фузулийнинг кўксига шамол тегди.

Озарбайжоннинг Фузулийси: босқин унутилди, ҳаёт жонланмоқда

Озарбайжондаги энг йирик аҳоли пунктларидан бири – Фузулий шаҳрига 1827 йилда асос солинган. 1930 йилда Фузули-Агдам автомобиль йўлининг икки томонидаги Ғозлучай, Кенделенчай, Аразбою ва бошқа қишлоқлар билан Гарабулоғда Гарягин деган туман ташкил топди. 1959 йилда буюк озарбайжон шоири Муҳаммад Фузулий таваллудининг 400 йиллиги муносабати билан туман Фузулий номи билан аталди. Туман 1 шаҳар ва 78 қишлоқдан иборат эди.

Босқингача вилоятда 86 та умумтаълим мактаби, 2 та касб-ҳунар мактаби, 54 та болалар боғчаси, 10 та мусиқа мактаби, 27 та клуб, 2 та музей, 90 та кутубхона, 13 та касалхона, фельдшерлик пунктлари бор эди.

1993 йил 23 август. Ўша машъум кунда Арманистон қуролли кучлари вилоятнинг 58 та қишлоғи ва Фузулий шаҳрини босиб олди. Фузулий тарихий ва диний ёдгорликларга бой, хусусан, унинг ҳудудида кўплаб мақбаралар мавжуд эди. Аммо ҳудуд арман истилоси даврида вандализмга учради. Уйлар ва тарихий обидалар бутунлай вайрон бўлди. Шунингдек, ХII асрга оид қабристон, Мирали мақбараси (XVII аср), Жалил мақбараси, XIX асрда қурилган масжид, Имомзода мақбарасини вайрон қилишди.

Энг ачинарлиси, арман босқини натижасида 1100 нафардан ортиқ инсон шаҳид кетди, 181 киши бедарак йўқолди. 36361 нафар бола жабр кўрди, улардан 155 нафари етим қолди.

Озарбайжон армиясининг Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрда бошланиб, 2020 йил 9 ноябргача давом этган муваффақиятли қарши ҳужуми натижасида Фузулий шаҳри ва 53 та қишлоқ озод қилинди.

Бугунги кунда ҳудудда кўплаб бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан энг сўнгги замонавий техникалар билан жиҳозланган мактаб барпо қилинди. Бундан ташқари, бошқа обидалар, бинолар қайта тикланди. Айни дамда Фузулийда ҳаёт яна жонланмоқда.

Озарбайжон Президентининг Ағдам-Фузулий-Хўжаванд бўйича махсус вакиллиги маслаҳатчиси Ислом Мамедхановнинг маълум қилишича, Арманистон босқинидан олдин шаҳарда 20 000 нафар аҳоли яшаган бўлса, ҳозирда 822 хўжалик, яъни 3300 киши истиқомат қилмоқда.

2040 йилга қадар Фузулий шаҳрини 50 минг кишилик шаҳарга айлантириш режалаштирилган.

Мақола Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан уюштирилган пресс-тур асосида тайёрланди.

Киритилди: 21:57 12.11.2024. Ўқилди: 1112 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!