Олмалиқда бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди.
Қайд этилишича, Олмалиқ шаҳар Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директорининг ўринбосари ва методисти, хизмат сафари ҳужжатларини сохталаштириш орқали ўзларининг шахсий пластик карталарига 87,2 млн сўм пулларни электрон тўлов тизимлари орқали ўтказиб, бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Олмалиқ шаҳар бўлими томонидан ЖКнинг 167- ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.