Бу йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобга олинса, мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари 240 минг тоннага етади. Яқин икки-уч йилдаги янги лойиҳалар ҳисобига қувватлар бундан ҳам ошади.
Дунёда ҳам мазкур хомашёга бўлган талаб кундан кунга ортиб бораётгани таъкидланди. Чунки мис бугунги кунда саноат, энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, “яшил” тараққиёт учун стратегик хомашёга айланиб бўлди.
“Кимки мис саноатида юқори қиймат занжирини яратса, келажак саноатини барпо этган бўлади. Қайси давлат бу хомашёни чуқур қайта ишлаш учун кучли инфратузилма яратса, у минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт, мамлакатга қудрат олиб келади.
Шу боис, биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан геология-қидирув ишларига алоҳида эътибор қаратриб, мавжуд захиралар ва уларни ишга солиш бўйича имкониятларимизни белгилаб олдик”, – деди Президентимиз.
Мисол учун, “Ёшлик-1” қони. Яқин-яқингача кўпчилик “Бу конни ўзлаштириш қийин, имкониятимиз етмайди, еплай олмаймиз” деб ўйларди. Ваҳоланки, жорий йилнинг ўзида ушбу кондан 20 миллион тонна руда қазиб олинади. Бу рақам келгуси икки йилда 60 миллион тоннага етади.
Умуман, “Ёшлик-1” ва “Қалмоққир” конларида 45 миллион тонна мис, 5 минг тоннаддан зиёда олтин захираси борлиги таъкидланди. Ушбу захира саноатга камида 100 йилга етадиган кафолатли хомашё базаси бўлади.
Конлардаги молибден, селен, теллур, рений каби нодир металлар янги инновацион йўналишлардаги лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратади.
3-мис бойитиш фабрикаси тўлиқ ишга тушгандан кейин Олмалиқ комбинатида мис концентратининг кунлик ҳажми ҳозирги 2 минг 400 тоннаддан 5 минг тоннага ошади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 6 мингдан зиёд ёшлар юқори даромадли иш жойига эга бўлади.
Фабрикада АҚШ, Германия, Россия, Хитой ва Финляндиянинг тоғ-кон саноатидаги энг илғор технологиялари жорий қилинмоқда.
Барча технологик жараёнлар рақамлаштирилиб, сунъий интеллект асосида ягона бошқарув тизимига уланади. Буларнинг ҳисобига энергия сарфи 10 фоизга, таннарх 15 фоизга камаяди, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошади.
Бундан ташқари, қиймати 2,5 миллиард долларлик янги мис эритиш заводини барпо этиш бўйича ишлар бошлаб юборилгани эълон қилинди. Мазкур корхонада ҳам мингдан зиёд иш ўринлари бўлади.
Умуман, ушбу иккита йирик қувватлар ҳисобига мис катоди ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 300 минг тоннага, олтин 33 тоннага, кумуш 203 тоннага, молибден 1,7 минг тоннага етади.
Шу билан бирга, уран қазиб олиш ва кимё саноати учун зарур хомашё бўлган сулфат кислотаси ишлаб чиқариш 3 карра ошади.
Бу йилига комбинатга қўшимча 5 миллиард доллар тушум дегани.
Президентимиз комбинат бўйича ҳали режалар катта эканини таъкидлади. Юқорида айтилган кўрсаткичларни яна 1,5 карра оширишга хизмат қиладиган 4-мис бойитиш фабрикаси бўйича лойиҳаолди ишлар жадал кетаяпти, деб қайд этилди.
Ушбу янги лойиҳалар ишга тушганида Олмалиқ комбинати мис ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги учта энг йирик комплексдан бирига айланади.