Оксфорд университетининг "Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари" факултетида эндиликда ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўрганилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
"Университетдан президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтириш борасида эришилган ютуқларнинг эътирофи сифатида мукофот қабул қилганимдан хурсандман", деди у.
Саида Мирзиёеванинг қайд этишича, Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний», Алишер Навоийнинг «Хамса», Ҳусайн Бойқаронинг «Девони Ҳусайний», Бобурийлар даврига оид миниатюралар ва бошқа кўплаб нодир китоблар сақланаётган Бодлиан кутубхонаси билан танишув илиқ таассурот қолдирган.