Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида талабалар ётоқхонаси жойлашган беш қаватли бино қулаб тушди. Фожиа оқибатида камида етти киши ҳалок бўлган, яна олти киши жароҳатланган.
Ҳодиса якшанба куни Деҳли университети кампуси яқинидаги аҳоли зич жойлашган Сатья Никетан ҳудудида содир бўлган. Бино вайроналари остида қолганларни қидириш ишлари полиция, ўт ўчирувчилар ва Миллий фавқулодда вазиятлар агентлиги ходимлари томонидан давом эттирилмоқда.
Қутқарувчилар махсус техника ва хизмат итлари ёрдамида вайроналарни текширмоқда. Расмий маълумотларга кўра, вайроналарнинг қарийб 80 фоизи тозаланган ва камида 12 киши қутқариб олинган.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, бино камида 55 йиллик бўлган. Унда бир неча ой давомида таъмирлаш ишлари олиб борилган ва ишлар якунланмаганига қарамай, август ойида ётоқхона қайта очилган.
Деҳли бош вазири Рекха Гуптанинг маълум қилишича, дастлабки тахминларга кўра, бинонинг қулашiga ертўлада сув тўпланиши ва эски иншоотда олиб борилган таъмирлаш ишлари сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Ҳодисадан сўнг бино эгаси қўлга олинган ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Шунингдек, бинолар хавфсизлигини назорат қилиш учун масъул бўлган камида беш нафар шаҳар ходими ишдан бўшатилган.
Расмийлар келгусида талабалар ётоқхоналари, мактаблар ва қариялар уйлари каби жамоат биноларининг юк кўтарувчи конструкцияларини мунтазам текшириш ҳамда уларга хавфсизлик сертификати беришни кучайтиришни режалаштирмоқда.
Ҳиндистоннинг айрим ҳудудларида муссон мавсуми — июндан сентябргача давом этадиган кучли ва узоқ ёмғирлар даврида эски биноларнинг қулаб тушиши тез-тез учрайди.