Криштиану Роналду Португалиянинг "Ориентал Лиссабон" клуби ёш футболчиларига ғайриоддий челленжда ёрдам берди.
Футболчилар мураббий кўрсатмаларисиз эркин машғулот ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ижтимоий тармоқдаги постга 3000 та лайк, 200 та изоҳ ва машҳур футболчидан жавоб олишни мақсад қилганди.
Дастлабки икки шарт осон бажарилди. Учинчисига эса Роналдунинг ўзи ёрдам берди.
"Йигитлар, эркин машғулотдан завқланинглар!" — деб изоҳ қолдирди португалиялик юлдуз.
Роналдунинг муносабатидан сўнг пост оммалашиб, 466 мингта лайк, 11 мингта изоҳ ва 70 мингдан ортиқ улашиш тўплади.