Бугун 9 май, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ноёб ҳайвонлар, камёб ўсимликлар, экотуризм: “Сурхон” қўриқхонасига пресс-тур уюштирилди

Ноёб ҳайвонлар, камёб ўсимликлар, экотуризм: “Сурхон” қўриқхонасига пресс-тур уюштирилди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан вазирлик тасарруфидаги “Сурхон” давлат қўриқхонасига пресс-тур уюштирилди.

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари қўриқхона табиати, ноёб ҳайвонлар билан бошқа жиҳатлар билан яқиндан танишишди.

“Сурхон” давлат қўриқхонаси Кўҳитанг тоғларининг шарқий ёнбағирларида жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан 850 метрдан 3137 метргача баландликда жойлашган. Вилоятнинг Шеробод туманига қарайдиган бу ҳудуд Туркманистон Республикасининг давлат чегарасигача қадар чўзилган.

Қўриқхона 1986 йилда ташкил топган бўлиб, 23 406,4 гектар майдонни эгаллайди. Шундан 12 109,2 гектари ўрмон билан қопланган. Қўриқхона ҳудуди 7 бўлим, 10 айланма ва 14 кварталга ажратилган. Ҳар бир бўлим ўз ичига муайян айланма ва кварталларни олади.

Қўриқхонада 807 турдаги ўсимлик бўлиб, шулардан 47 хили Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган. Бундан ташқари, умуртқали ҳайвонлардан 26 тур сут эмизувчи, 137 тур қуш, 24 тур судралиб юрувчилар, 2 тур сувда ва қуруқликда яшовчилар, 5 тур балиқлар — жами 194 тур ҳайвонот дунёси вакиллари учрайди. Шулардан 25 тури Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган.

Қўриқхонадаги муҳофазага олинган ҳайвонлардан 18 тури Халқаро ТМҚИ “Қизил китоб”ига киритилган бўлиб, морхўр ёки бурама шохли эчки, бухоро тоғ қўйи муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳайвонлар ҳисобланади.

Маълумот ўрнида, қўриқхонада ҳайвонларнинг саноғини юритиш, уларни браконьерлардан ҳимоялаш ва яшаш ареалларини аниқлаш мақсадида 22 та махсус фотоқопқон ўрнатилган. Кунора ана шу фотоқопқонларга муҳрланган тасвирлар олинади.

Таъкидлаш жоизки, “Сурхон” давлат қўриқхонасининг ҳозирги жойлашув ўрнида қадимда одамлар манзилгоҳ қилган. Қўриқхонанинг деярли барча бўлимларида тарихий манзилгоҳлар, тарихий ёдгорликлар мавжуд. Мисол учун, “Сурхон” давлат қўриқхонаси худудининг чегарасида неолит даври одамларининг қояларда ов манзаралари тасвирланган Зарауцой дараси жойлашган. Бу қоятош расмларининг ёши 15-20 минг йилга тенг. Бугунги кунда ёдгорлик тўлақонли қўриқхона ходимлари томонидан муҳофаза қилинади. Ушбу ҳудудда 395,6 гектарга тенг “Зарауцой қоятош суратлари” экотуризм маскани ташкил етилган.

“Сурхон” давлат қўриқхонасидаги “Хатак”, “Шалқон” ва “Қизилолма” бўлимларида ҳайвон ва ўсимликлардан ташқари қадимий ёдгорликларни ҳам учратиш мумкин. Хусусан, “Хатак” бўлимида 2022 йил ўтказилган археологик илмий изланишар натижасида неандертал одами даврига тўғри келадиган манзилгоҳлар, иш қуроллари топилган.

“Хатак”, “Шалқон” ва “Қизилолма” ҳудудларида ўсимликларнинг ниҳоятда кўп ва доривор турларини учратиш мумкин. Бу ҳудуд, асосан, Зарафшон арчазорлари билан қопланган. Ҳудудларда морхўр, Бухоро тоғ қўйи, силовсин, болтаютар, оқ бошли қумой, тасқара каби ноёб ҳайвон турлари яшайди. Бундан ташқари бўри, тулки, қуён, жайра, бўрсиқ, тоғ сувсари, каклик ва бошқа кўплаб ҳайвонларнинг яшаш макони ҳам ҳисобланади.

“Хатак” бўлимида 700 дан зиёд, “Шалқон” бўлимида 500 дан зиёд, “Қизилолма” ҳудудида еса 600 дан зиёд ўсимлик турлари мавжуд. Қўриқхонадаги Боғлидара ҳудудида “Ажинакамар” номи билан машҳур ғор бўлиб, ғорнинг ички узунлиги 60 метрни ташкил этади.

Киритилди: 20:12 25.09.2023. Ўқилди: 5564 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!