Украина иқтисодий ўсишга боғлиқ давлат қарзи бўйича 665 миллион долларлик тўловни амалга оширмаслигини маълум қилди.
Киев ЯИМ ўсишига боғлиқ ҳолда тўланадиган, GDP-warrants деб аталадиган облигациялар бўйича 665 миллион доллар тўламаслик қарорини қабул қилди. Тўлов 2 июнь куни амалга оширилиши керак эди, бироқ Аурелиус ва VR Capital каби фондлар билан 3,2 миллиард долларлик қарзни қайта тузиш бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланди, деб хабар бермоқда Bloomberg.
Украина Молия вазирлиги тўловларга мораторий қайта тузиш жараёни тугагунча кучда қолишини билдирди. Ушбу қимматли қоғозлар ўтган йилги қарзни енгиллаштириш битимига киритилмагани сабабли, энди муаммоли активлар сифатида баҳоланиши мумкин.
Аввалроқ Украина 2023 йилда шундай қоғозлар учун тахминан 200 миллион доллар тўлаган эди. Fitch маълумотларига кўра, мамлакатнинг рейтинги "чекланган дефолт" даражасида қолмоқда.