Никоҳ шартномалари ҳозирги даврда Ғарбий Европа давлатларида, АҚШ, Канадада оммалашган. Бу тадбир, дастлаб минг йиллар илгари Греция ва Римда келиб чиққан, яъни эркак ва аёл никоҳ тузишдан аввал мулкий муносабатлари - келгусида орттирадиган мулк ва мерос масалалари ҳақида келишувни расмийлаштиришгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Мамлакатимизда 1998 йил 1 сентябргача амал қилган Никоҳ ва оила кодексида эр-хотин мулкининг фақат қонуний режими белгиланган эди. Оила мулкининг таркиби эса, асосан мебель, кийим-кечаклардан иборат бўлгани, яъни бўлинадиган нарса камлиги боис, мулкий муносабатларни бошқача тарзда тартибга солишга зарурат йўқ эди. Бироқ хусусий мулк муносабатлари ривожланиши билан эр-хотин мулки таркиби ўзгарди. Алоҳида мулки бўлган эр ёки хотиннинг ўз мулкини ўзи тасарруф этишни хоҳлаши, тадбиркорлик билан шуғулланаётган ёки уй ишлари билан банд бўлиб, мустақил даромадга эга бўлмаган эр-хотин манфаатларини ҳам ҳисобга олиш заруратлари никоҳ шартномасининг қонунга киритилишини тақозо этди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оиланинг давлат ва жамият муҳофазасида эканлиги назарда тутилган бўлса, оила аъзоларининг шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, никоҳ шартномасига оид қоидалар Оила кодексида белгиланган.
Мен қуйида оила мулкининг муҳофазасига қаратилган никоҳ шартномаси ва унинг қонунчилигимизга киритилиши ҳамда тавсифи ҳақида кенгроқ тўхталмоқчиман.
Никоҳ шартномаси институти дастлаб 1998 йил 1 сентябрдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида ёритилди ва қонунчиликка киритилди. Оила кодексининг VI боби эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартибига бағишланган.
Никоҳ шартномаси никоҳланувчи шахсларнинг, эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишувидир (ОКнинг 29-моддаси). Эндиликда қонуний (расмий) мулк тартиби билан бирга мулкнинг шартномавий тартибига ҳам ўрин берилди. Яъни, эр-хотин ўзларининг мол-мулкига, унинг айрим турларига ёки эр-хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақли эканликлари белгиланди.
Алоҳида эгалик қилиш тартиби эр-хотиннинг барча мулкига, унинг айрим турларига, эр-хотиндан ҳар бирининг мулкига нисбатан белгиланиши мумкин. Никоҳ шартномасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар маълум муддат билан чекланиши, масалан, беш йил давомида уларнинг мулки бўлинган бўлиши, ундан сўнг умумий бўлиши назарда тутилиши ёхуд ҳеч қандай муддат билан чекланмаслиги мумкин.
Фуқаролик-ҳуқуқий шартномалардан бири сифатида никоҳ шартномаси шакли, мазмуни жиҳатидан ФКнинг битимларга қўйиладиган умумий талабларига жавоб бериши, ёзма тарзда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши (ОКнинг 30-моддаси) лозим. Шартнома нотариал тартибда тасдиқланади. Уни тасдиқлаганда, ўзгартириш киритилганда ёки бекор қилинганда давлат божи ундирилмайди.
Шартнома никоҳ қайд этилишидан аввал ёки қайд этилганидан кейин - исталган вақтда тузилиши мумкин; никоҳгача тузилган бўлса, никоҳ давлат рўйхатига олинган кунидан, никоҳдаги эр-хотин томонидан тузилган бўлса, шартнома нотариал тасдиқланган кундан кучга киради. Никоҳланувчилар шартнома тузганидан кейин, қачон никоҳ тузишлари лозимлиги белгиланмаган. Бироқ шартнома қачон тузилганидан қатъи назар, фақат никоҳ қайд этилгач, кучга киради. Шартнома тузилгани, унга ўзгартиришлар киритилгани ёки бекор қилингани ҳақида эр (хотин) ўз кредиторларини хабардор қилиши лозим.
Никоҳ шартномасининг предмети эр-хотиннинг мулкий муносабатларидир. Никоҳ тугатилгандаги мулкий муносабатлар бундан мустасно. Шахсий номулкий муносабатлар шартнома предмети бўлолмайди.
Айрим давлатлар қонунчилигида никоҳ шартномалари мулкий масалалардан ташқари, эр-хотиннинг келишувига кўра, бошқа шахсий ҳуқуқ ва мажбуриятларни ҳам тартибга солиши белгиланган. Масалан, ким идиш-товоқларни ювиши, дўконга бориши, ўзини оилада қандай тутиши, хиёнат қилган тарафга қандай чоралар қўлланиши, хуллас, шахсий муносабатларга доир масалалар ҳам шартномага киритилиши мумкин.
Никоҳ шартномасининг объекти эр-хотиннинг никоҳгача ва никоҳ даврида орттирган мулклари ҳамда уларнинг ҳуқуқий тартибга солинишини ўз ичига олади. Эр-хотиннинг мулкий муносабатлари Оила кодекси нормалари билан тартибга солинади.
Шартноманинг субъектлари никоҳланувчилар ёки никоҳда турган эр-хотин бўлиши мумкин, холос. Шартнома вакиллар орқали тузилмайди, тарафлар тўла муомала лаёқатига эга бўлишлари, шартномани шахсан имзолашлари шарт. Эмансипация туфайли тўла муомала лаёқатига эга деб эълон қилинганлар ҳам шартнома туза оладилар. Бироқ вояга етмаган никоҳланувчи шартнома тузишга ҳақли эмас.
Никоҳ шартномаси тузиш эр-хотин ёки никоҳланувчиларнинг ҳуқуқи бўлиб, уларнинг эркин ва ихтиёрий келишувига асосланади. Ҳеч ким уни тузишга мажбур қилинмайди.
Шартноманинг мазмунида унинг ўзига хослиги кўринади. ОКнинг 31-моддасига кўра, эр-хотин: биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартиришга; мол-мулкка нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик тартибини ўрнатишга; ўзларига тегишли бўлган ёки келгусида олинадиган мол-мулкнинг ҳуқуқий табиатини белгилашга ҳақли.
Маълумки, никоҳ даврида қилинган совғалар эрнинг ёки хотиннинг мулки бўлиб, биргаликдаги умумий мулк таркибига кирмайди. Лекин амалиётда кўпинча тўйдаги совғаларни умумий мулк таркибига киритишда низо чиқади.
ОКнинг 26-моддасига кўра, қимматбаҳо буюмлар ва зеб-зийнатлардан ташқари, шахсан фойдаланилган буюмлар, гарчи никоҳ даврида эр-хотиннинг умумий маблағига олинган бўлса-да, улардан фойдаланиб келган эр ёки хотиннинг хусусий мулкидир. Масалан, никоҳ даврида олинган тақинчоқлар никоҳ даврида ва никоҳдан ажралган тақдирда ундан фойдаланиб келган эр ёки хотиннинг мулки ҳисобланади.
Никоҳ шартномасини тузишда қуйидаги чеклашларга амал қилинади:
- шартномага эр-хотиннинг ҳуқуқ ва муомала лаёқатини чекловчи қоидалар киритилмайди (эр хотинни ишдан бўшаб уй ишлари билан машғул бўлиши шарт, деган талаб қўйиши, васият эркинлигини тақиқловчи, судга мурожаат қилиш ҳуқуқини чекловчи қоидалар);
- шахсий муносабатлар ҳақидаги қоидалар киритилмайди. Бироқ мулкий муносабатлар номулкий шарт-шароитнинг содир бўлиш-бўлмаслигига боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин. Масалан, эр ё хотин ўзини нолойиқ тутган (хиёнат, калтаклаш) ҳолларда маънавий зиённи қоплаши ёки фарзанд туғилса, эр хотинга қимматбаҳо узук ёки мўйнали пальто совға қилиш мажбурияти назарда тутилиши мумкин;
- шартномада фарзандларга муносабат, ажралган тақдирда болаларнинг ким билан қолиши, алимент ундириш масалалари киритилмайди;
- меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр-хотиннинг таъминот олиш ҳуқуқини чеклаш мумкин эмас. Чунки бу ОК тамойилларига зиддир.
Никоҳ шартномаси кўпинча муддатсиз тузилади. Маълум вақт ўтгач ёки исталган вақтда эр-хотин келишиб, унга ўзгартириш киритишлари, уни бекор қилишлари мумкин. Уни бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Одатда, тарафлардан бири маълум сабабга кўра шартномани бажаролмаса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш таклиф этилиши керак. Келишув орқали шартнома нотариал тартибда, акс ҳолда, суд орқали бекор қилинади.
Шартнома шартлари бир томонлама бузилаётганини ёки тузилган пайтдаги шартлар бутунлай ўзгариб кетганлигини асос қилиб, уни суд орқали бекор этишни талаб қилиш мумкин. Шартнома суд орқали ўзгартирилгач, суд қарори кучга киргандан сўнг ўзгартирилган ҳисобланади. Никоҳ шартномаси никоҳ ажратилганлиги ҳақида суднинг қарори кучга киргач ёки ФҲДЁда ажралиш қайд этилгач тугатилади.
Никоҳ шартномасининг ҳақиқий эмас деб топилишига унинг қонун талабларига риоя қилмай тузилганлиги асос бўлади. Ҳақиқий эмас деб топилганда никоҳ шартномаси ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат туғдирмайди ва тарафлар мулкий муносабатда дастлабки ҳолатга қайтадилар.
Никоҳ шартномасининг афзаллиги шундаки, у мулкий муносабатларни тартибга солиш орқали оилани мустаҳкамлайди, эр-хотинни бир-бирига тегишли мулкдан тўғри фойдаланишга ва уни яхши сақлашга, мулкий мажбуриятларини ўз вақтида бажаришга ундайди. Дарҳақиқат, суд орқали мулкни бўлишдек кўнгилсиз тортишувларни бошидан кечирганлар никоҳ шартномаси зарурлигини тасдиқламоқдалар. Бу борада ҳуқуқий тарғиботнинг кучайтирилиши, никоҳланувчиларнинг никоҳ шартномалари қоидалари билан таништирилиши келгусида никоҳ шартномаларининг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратади.
Акмал Разиков, Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманларо судининг раиси
Қобилжон Муталиев, Фарғона вилоят судининг бош консультанти