Бугун 24 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Нидерландияда кучли бўрон сабабли 40 дан ортиқ авиақатнов бекор қилинди

Нидерландияда кучли бўрон сабабли 40 дан ортиқ авиақатнов бекор қилинди

Нидерландиянинг KLM авиакомпанияси мамлакат ҳудудида кузатилган «Остин» бўрони сабабли 23 ва 24 октябрь кунларига режалаштирилган 40 дан ортиқ авиақатновни бекор қилди.

Reuters ахборот агентлиги хабар беришича, бекор қилинган рейслар Амстердамдаги Схипхол аэропортидан амалга оширилиши режалаштирилган учиш ва қўниш қатновларига тааллуқли.

Агентлик маълумотларига кўра, кучли ёмғир ва бўронли шамол туфайли 23 октябрь куни авиакомпаниянинг 20 та рейси бекор қилинган. 24 октябрь куни эса яна 22 та рейс амалга оширилмайди.

Шу билан бирга, Схипхол аэропорти матбуот хизмати ANP агентлигига маълум қилишича, ноқулай об-ҳаво шароитининг аэропорт фаолиятига таъсири ҳозирча чекланганлигича қолмоқда.

Аэропортнинг расмий веб-сайтида эълон қилинган жадвалга кўра, 23 октябрь куни KLM Амстердамдан Женева, Лондон ва Берген шаҳарларига амалга оширилиши режалаштирилган айрим рейсларни бекор қилган. Шунингдек, Варшава, Бирмингем ва Лиондан Нидерландия пойтахтига йўналтирилган рейслар ҳам бекор қилинган.

Бундан ташқари, турли авиакомпанияларга тегишли ўнлаб авиақатновлар икки соат ва ундан кўпроқ вақтга кечиктирилмоқда.

Киритилди: Бугун 09:40. Ўқилди: 224 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!