Израил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва АҚШ президенти Дональд Трамп Ғазода оташкесим эълон қилиш орқали кенг қамровли тинчлик келишувини илгари сурмоқда. Бироқ Washington Post нашри ёзганидек, бу ташаббус воқеликдан узоқ — Ғазода бомбардимонлар, гуманитар инқироз ва аниқ режанинг йўқлиги сақланиб турибди. Нашрга кўра, Трамп ҳам, Нетаньяху ҳам воқеий вазиятни тушунмаяпти, уларнинг таклифи эса доимий тинчликка олиб бормайди.
Трамп "Авраам келишувлари" руҳини қайта жонлантирмоқчи. Бу келишувлар орқали 2020 йилда Исроил БАА, Баҳрайн, Марокаш ва Судан билан муносабатларни нормаллаштирган эди. Ҳозирда Трамп Саудия Арабистони ва ҳатто урушдан кейинги Сурияни ҳам жараёнга жалб этишга интилаяпти.
WP таҳлилига кўра, Нетаньяху ҳам бу жараённи ўз сиёсий манфаатлари учун ишлатишни хоҳлаяпти. Яқинда Эронга берилган ҳаво зарбалари ортидан у дипломатик ютуқ намойиш этишни истайди — бу унга яқинлашиб келаётган сайловлар арафасида обрў ва таъсирни сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкин.
Воқелик мутлақо бошқа. Израил Ғазога ҳаво зарбалари беришда давом этаяпти. БМТ маълумотларига кўра, ҳар куни тинч аҳоли ўлмоқда. Дорилар ва ҳатто жасадлар учун пакетлар етишмайди. АҚШ контрактчилари ва Исроил ҳарбийлари ҳам шоҳидлик қилганидек, оч қолаётган фаластинликлар устидан ўқ узилмоқда, уларнинг тинч фуқаро экани маълум бўлган ҳолда ҳам.
Исроил ҳукумати танқидларга қарамай, айбловларни рад этаяпти. Аммо Ғазодаги инсонпарварлик фонди — GHF фаолияти ҳам қаттиқ танқид остида.
Исроил армияси ҳукуматни танқид қилмоқда. Ҳарбийларга кўра, уруш давом эттириш асирларни қайтаришга ёрдам бермайди. Улар "28 асир (10 тирик, 18 жасад)"ни қайтариш эвазига 60 кунлик оташкесим ва гуманитар ёрдамни кўзда тутувчи келишувга чақирмоқда.
Бироқ ўта ўнгчи вазирлар — Бецалель Смотрич ва Итамар Бен-Гвир бундай келишувларга қарши чиқмоқда. Улар ХАМАС тўлиқ йўқ қилинмас экан, ҳеч қандай келишувга рози бўлмаслигини ва зарурат бўлса ҳукуматни тарк этишини айтган.
Нетаньяху ҳукуматидаги баъзи вазирлар Ғазони тўлиқ оккупация қилиш ёки фаластинликларни чиқариб юбориш таклифини бермоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар буни халқаро ҳуқуқни бузиш ва ҳатто этник тозалаш деб баҳоламоқда. Араб етакчилари эса таъкидлаяпти: фаластин масаласи ҳал қилинмас экан, тинчлик ҳақида гапириб бўлмайди, хусусан Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш ҳақида ҳам.